Нима учун ислоҳотлар тўхтаб қолди?
Кўпчилик бу саволга жавоб бера туриб, ҳар қандай ислоҳот оғир ва мураккаб қарорларни қабул қилиш билан боғлиқ ва бу барқарорлик бўлмаган вазиятларда кенг халқ оммаси норозилигини кучайтиради, деб ҳисоблайди. Аслида эса ислоҳотлардан энг катта қўрқув халқда эмас, номенклатурада, яъни чиновниклар армиясида. Мутлақ кўпчилик чиновник ўзининг комфорт зонасидан чиқишни истамайди, чунки ислоҳотлар том маънода уларниинг статус квосини бузади. Коррупцион даромадлар, ваколатлар ва алоқаларнинг узилиши хавфи ҳар қандай ислоҳотларга "стоп" дейишга баҳоналарни шакллантира олади.
Шунинг учун, 2017 йилдаги Валюта ислоҳоти ва 2020 йилдаги Солиқ ислоҳотидан кейин Ўзбекистонда бирон бир ислоҳот юз бергани йўқ. Ҳукумат пиарчилари ислоҳот деб айтадиган прописка, ОВИР, мажбурий меҳнат каби масалалар бу ўтмишдаги хатоларнинг тўғирланиши холос (ўша хатоларга йўл қўйганларнинг ўзи бу хатоларга барҳам беришди), лекин бу ислоҳот эмас.
Ислоҳот сўзининг маъноси кундан кунга обрўсизлантирилаётгани ҳам бор гап. Кейинги пайтда косметика деб атаса бўладиган фасад ишлари ҳам ислоҳот деб атай бошланилди. Маънавият ёки Янги Ўзбекистон сўзларини эшитганда одамларнинг юзи қандай буришса, Ислоҳот сўзини эшитгандаям кўпчиликнинг энсаси қотадиган бўлиб қолди.
Орқага қайтиш йўқ дейилади. Ростан ҳам шундайми ўзи?
Қайси бирини айтасиз. Уч марта фальстартга учраган Энергетика ислоҳотини айтасизми? Шахсан мен энергетикани бозорга ўтказилмётгани ягона сабабини соҳада ўғирлик ва коррупциядан воз кечиш режалари мавжуд эмаслиги билан изоҳлайман. Мамлакат нефть ва газ бойликлари битта қўлга ўтиши жараёни якунланмагунча ислоҳотлар пайсалга солинаверади.
Дунёдаги энг репрессив ва абгор аграр соҳага эга бўлган Ўзбекистонга ислоҳотлар сув ва ҳаводек керак. Бу тирик қолиш инстинкти каби муҳим. Лекин ким қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни бошлайди? Суяги колхоз режимида қотганларми? Уларга қолса, колхоз ва совхозларни қайта тиклайдику.
Ташқи савдо ислоҳотларга муҳтож деймиз. Протекционизм ва халқни қашшоқлаштириш орқали миллиардлаб бойлик тўплаётганлар ташқи савдони эркинлаштирадими? Ўзларининг оёғига ўзлари болта уришадими улар?
Ихчам давлатсиз кучли давлат қура олмаймиз. Тобора кенгайиб бораётган давлат функциялари ва аппарати айни шу давлатни мўртлаштираётганини билишмайди деб ўйлайсизми? Жуда яхши билишади, кам сонли ақллилари ҳам, сон-саноқсиз садоқатлилари ҳам. Лекин Маъмурий ислоҳот ҳақида гап кетса, уларнинг лабига учуқ тошади.
Ўзбекистон давлатининг, унинг суверенитетининг умрини узайтирадиган сиёсий ислоҳотлар ҳақида сўз очишга эса ҳамма қўрқади. Сиёсий ислоҳотлар - бу табудаги мавзу. Балки ислоҳотлар ибтидоси шудир, балки бошқа ислоҳотлар сиёсий ислоҳотлардан негиз тутар?
@the_bakiroo