Давлат банкларидан узоқроқ бўлинг: "Халқчил IPO" орқали сотилиши айтилган Саноатқурилишбанк акцияларининг бозор нархи номиналидан икки баробар арзон
Аввал ҳам кўп бора таъкидлаганимиздек, Ўзбекистонда ҳатто номинал нархида бўлган биронта давлат банки мавжуд эмас. Ва энг асосийси, маъмурий бошқарув остидаги ва самарасиз давлат банклари капиталига пул киритиш, бу иш билан Ўзбекистон ҳукумати охирги олти йилда фаол шуғулланиб келмоқда, пул ёқишдан бўлак иш эмас.
Ўтган ҳафтада 40 та йирик корхона ва банкдаги давлат улуши «халқчил IPO» орқали сотилиши эълон қилинди. Уларнинг орасида Миллий банк ва Саноатқурилишбанк ҳам бор.
Саноатқурилишбанкнинг акциялари номинал қиймати 19 сўм бўлган ҳолда, охирги савдоларда 2 баробар арзонроқ, 10,37 сўмдан сотилган.
Айтиш керакки, давлат назоратидаги банклар акциялари номиналидан анча, ҳатто каррасига арзон экани янги Ўзбекистон учун умумий ҳолат, хусусан:
Микрокредитбанк акциялари номинали 1068 сўм. Охирги котировка 700 сўм.
Туронбанк акциялари номинали 1700 сўм. Охирги котировка 570 сўм.
Қишлоққурилишбанк акциялари номинали 119,25 сўм. Охирги котировка 110 сўм.
Алоқабанк акциялари номинали 121 сўм. Охирги котировка 77 сўм.
Агробанк акциялари номинали 1 168 сўм. Охирги котировка 588,01 сўм.
Ҳатто венгрларга сотилган Ипотекабанк акцияларининг бозор нархи (89 тийин) ҳам битимдан кейин номиналига (1 сўм) ета олмаган. Дарвоқе, Ипотекабанк OTP Bank’ига 324 миллион долларга сотилгани айтилган бўлсада, 27 март ҳолатига stat.uz маълумотига кўра, унинг 96,6 фоиз акцияси Молия вазирлиги назоратида турипти.
Давлат назоратидаги Миллий банк, Асакабанк, Халқ банки ва Пойтахт банкнинг акциялари очиқ савдога чиқарилмаган. Лекин очиқ маълумотлар бўйича активлар сифати, даромадлилик ва тенденциялар ҳисобга олинса, уларнинг бозор нархи ҳам биронтаси бўйича номинали даражасига етмайди.
Давлат банклари акциялари бозор нархи нафақат арзонлашиб бориш тенденциясида, балки ликвидликнинг йўқлиги муаммоси билан ҳам инвесторларни чўчитиши керак. Примитив ва формаллашгвн корпоратив бошқарув, ҳукуматнинг бир кунлик манфаатларидан келиб чиқадиган самарасиз ва зарарли қарорлар, умумий коррупциялашувнинг бир қисмига айланган ялпи коррупциялашув каби яна санаса тугамайдиган муаммолар туфайли нормал инвесторлар ва айниқса кенг халқ оммаси ўз сармоясини давлат банклари акцияларидан узоқроқ ушлаши керак. Соғлом одам давлат банклари акцияларини сизга тавсия қилмайди.
- https://uzse.uz/isu_infos/STK?isu_cd=UZ7037560008uzse.uz
- https://uzse.uz/isu_infos/STK?isu_cd=UZ7015230004uzse.uz
- https://uzse.uz/isu_infos/STK?isu_cd=UZ7035530003uzse.uz
- https://uzse.uz/isu_infos/STK?isu_cd=UZ7018790004uzse.uz
- https://uzse.uz/isu_infos/STK?isu_cd=UZ7044760005uzse.uz
- https://uzse.uz/isu_infos/STK?isu_cd=UZ7001560000uzse.uz
- https://uzse.uz/isu_infos/STK?isu_cd=UZ7054570005uzse.uz
- https://stat.uzstat.uz