Қирғизистонликлар учун Туркияга визасиз режим 180 кунгача узайтирилиши мумкин
Қирғизистон ташқи меҳнат миграцияси диверсификацияси аҳамиятини тушунмоқда. Балки шунинг учун бўлса керак, шу ой давомида Туркия билан виза режимини енгиллаштириш борасида кетма-кет учрашувлар ўтказилмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги, элчилик каналларидан кейин, мана энди Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ҳам бу масалани тезроқ ҳал қилишга киришган.
Вазир Улан Ниязбеков Қирғизистонликларга нафақат визасиз Туркияда қолиш муддатини 90 кундан 180 кунгача чўзишни сўрамоқда, балки ўзаро ташрифларни ID карталар орқали амалга ошириш имкониятини, миграция қонунчилигини бузган Қирғизистонликларга амнистия беришни ҳам музокара кун тартибига киритган. Вазир Туркияга даволаниш учун келаётган, яшаш гувоҳномаси учун мурожаат қилган Қирғизистонликлар муаммосини ҳам кўтарган.
Маълумот учун, кейинги ҳафталарда Туркияда мигрантларга нисбатан қатор кучайтирилган тадбир ва амалиётлар ўтказилмоқда.