Аждарҳо ўзини ўзи маҳв этмайди. Антимонополияга жамоатчилик қўллови керак
Рақобат қўмитаси “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятига аэропортга кириш ҳудудига кириш-чиқишга битта такси хизматига рухсат берганини ноқонуний деб топган ҳамда лицензияга эга бошқа такси хизматлари ҳам ўша ерда ишлашга ҳақли эканлигини таъкидлаган эди.
Шунингдек, Антимонополия органи монополистга йўловчилар келиш терминали ёнидаги махсус йўлнинг биринчи қаторида бошқа такси хизматлари мавжудлиги тўғрисида ҳам истеъмолчиларни хабардор қилиниши шартлиги, аэропорт ҳудудига яқин жойлардаги автотураргоҳлар учун тўлов миқдори қайта кўриб чиқилиши вазифасини топширган эди.
Афсуски, яп-янги Ўзбекистон тарихида аждарҳо монополист устидан биринчи жиддий ғалабани нишонлашга шошмаслик керакка ўхшайди.
Uzbekistan Airports Рақобат қўмитасининг аэропорт ҳудудида ягона такси хизмати бўйича важларига эътироз билдириб, Олий судга кассация тартибида мурожаат қилмоқчилигини эълон қилган.
Воқеалар ривожи менга уч йил аввал Антимонополия органининг Uzauto Motors'га қарши кураши картиналарини эслатиб юбормоқда. Ўшанда пандемия даври бўлгани учун етарли даражада жамоатчилик эътибори ва қўллови бўлмаган. Натижада монополист ўзининг барча маъмурий ресурсларини ишлатган ҳолда жазодан қутулиб қолган, антимонополиянинг ҳақли талаблари ижросиз қолганди. Бунинг оқибати нималарга олиб келганини кўриб турипсиз. Монополист истеъмолчилар устига чиқиб ҳожатини чиқармаяпти холос.
Биз ҳозир Рақобат қўмитасининг Uzbekistan Airports'га даъволари масаласида худди шундай кейсга яқин турибмиз. Ҳозир ортга чекиниш, ҳозир эътиборсиз қолиш эртага бизнинг зиёнимизга айланади, товони чўнтагимиздан шилинади.
Шунинг учун фаол жамоатчилик ва мустақил ОАВларни Рақобат қўмитасини қўллаб-қувватлашга чақираман. Чунки аждарҳони бир аскар енга олмайди, аждарҳо ўзини ўзи маҳв этмайди.
- https://t.me/uzbairportsuz/4879@uzbairportsuz