Кенгаш аъзолари НКМКда олтин таннархи "шиширилаётганидан" норози бўлганди. Нима ўзгарди?
Бундан қарийб 6 ой аввал ўтказилган, аъзолари ҳукумат ва администрация вакиллари бўлган НКМК АЖ кенгаши йиғилишида комбинатда "харажатлар 2022 йилга нисбатан кескин ошиб бораётганлиги ва ... олтин ишлаб чиқариш таннархининг ошиши натижасида НКМК АЖ кутилаётган соф фойдасининг камайиши" муҳокама қилинганди.
Маълумот учун, тақдим этилган бизнес режага кўра НКМК 2023 йилда атига 9 трлн.сўм соф фойда олиши мўлжалланган. Бу миқдор 2022 йил (15,4 трлн.сўм), 2021 йил (10,7 трлн.сўм) ва 2020 йил (9,5 трлн.сўм) соф фойдасидан ҳам камлиги нафақат ҳукумат аъзолари, ҳисоб-китобдан узоқ бўлган оддий фуқароларниям ажаблантириши табиий.
Кенгаш аъзолари шунга қарамай, бизнес режани вақтинчалик қабул қилишган ва бошқарувга харажатларни мақбуллаштирган ҳолда 2 ҳафта муддатда янги бизнес-режа тақдим этишни топширган. Шунгаям мана 5 ойдан ўтди, 4 кундан кейин 6 ой бўлади. НКМК харажатлари "шиширилган" бизнес-режани кўриб чиқдими? Фойда режаси бошқатдан тасдиқландими? Харажатлар қисқардими? Фойда кўпайдими? Билмаймиз.
Чунки НКМК Ўзбекистон қонунларига кўндалангига қўйиб қўйган. Молиявий ҳисоботларниям, муҳим фактларниям очиқламайди. Узуқ-юлуқ маълумотларни (аудитдан ўтмаган) раҳбари НКМК кенгаши аъзоси бўлган Давактив йилда бир қайчилаб, суннатлаб тарқатиб туради.
Эътиборлиси, комбинатни трансформациялаш бўйича директорга биринчи ўринбосар қилиб Антонов Евгений Александровични, ресурслар бўйича директор этиб Егорова Любовь Анатольевнани Россиядан жалб қилган. "Heidrick & Struggle" консалтинг компанияси тавсияси асосида. Дарвоқе, Егорова хоним НКМКга келгунча 12 йил ишлаган SRK Consulting комбинатни трансформация қилишни ўз зиммасига олган. Юз бераётган трансформация харажатларни камайтириш ўрнига кескин ошираётгани жудаям ғалати.
Ўзбекистонда давлат компанияларининг турли қимматлаштирилган шартномалар ва битимлар орқали таннархни шишириши, импорт контрактлари орқали четга маблағ олиб чиқиб кетиши қабул қилинган "практикага" айланиб бўлган. Бу жараён кўпинча шу давлат компанияларини оғир молиявий аҳволга келтириб, самарасиз лойиҳалар орқали қарзга ботириш, менежмент таркибига ўз одамларини киритиш, муҳим ахборотларни жамлаш, пул оқимлари назоратини қўлга олиш ва пировардида активни тўлақонли эгаллаб олиш мақсадида россиялик ва қозоғистонлик олигархларнинг қўллайдиган "бизнес стратегияси" ҳисобланади.
Нима бўлгандаям, НКМК Ўзбекистоннинг алмаштириб бўлмас бош солиқ тўловчиси, бюджет ва ташқи савдо мувозанатининг муҳим манбаи эканини эсдан чиқармаслик керак.
Энергетика мисолида охирги 7 йилда юз берган мудҳиш хатоларнинг металлургияда, айниқса НКМК ё ОТМК тажрибасида юз бериши Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатидаги кейинги тақдирини сўроқ остида қолдиради.