53K139Telegramda ochish
Бюджет рискларнинг пулдаги қиймати қандай? Бюджетимиз ва унинг мувозанати тобора турли ташқи ва ички хатарларга мойил бўлиб бормоқда. Яъни, бюджет қабул қилинди дегани, кўрсатилган даромадлар узлуксиз ундирилади, харажатлар аниқ амалга ошади, дегани эмас. Буни 2023 йилнинг 7 ойи қандай синовлар келтирганидан кўриш мумкин. Бюджетномада шу хатарлар батафсил ёритилган. Шахсан мен давлат томонидан тарифларнинг арзон нархларда ушлаб турилиши, давлат кафолати остида жалб қилинган кредитлар ҳисобига амалга оширилган йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларининг ўз муддатида ва лойиҳа қувватида ишга туширилмаслиги, молия йили давомида қўшимча харажатлар келиб чиқиши, пенсия жамғармасининг даромадлари ва харажатлари ўртасида номутаносибликнинг ошиши, инфляцион босим остида иш ҳақи ва пенсия тўловларининг қўшимча индексацияси амалга оширилиши, миллий валютанинг асосий жаҳон валюталарига нисбатан қадрсизланиши, меҳнат мигрантларининг оммавий мамлакатга қайтиши келтириб чиқарадиган молиявий оқибатларнинг бюджетга салбий таъсирини етарлича деб ҳисоблайман. Ҳеч ким ҳисобга олмаган "қора оққуш" омилларни (пандемия, янги урушлар, қурғоқчилик каби) айтмасаям бўлади. 2024 йил Давлат бюджети прогнозларида кузатилиши мумкин бўлган рискларнинг пулдаги ўлчови қуйидагича баҳоланмоқда: - иш ҳақи миқдорининг қўшимча равишда 1 фоизга оширилиши йилига 1,3 трлн сўм атрофида, пенсия миқдорининг 1 фоизга оширилиши эса 600 млрд сўм миқдорида қўшимча харажатлар талаб этади; - сўм алмашинув курсининг 100 сўмга қадрсизланиши йиллик Давлат бюджети харажатларининг 400 млрд сўмга ошишига олиб келади; - олтин нархининг прогнозда кўзда тутилган 1 унция учун 1 800 АҚШ долл. нархидан 100 АҚШ долларига пасайиши 4,5 трлн сўм бюджет даромадлари камайишига; - Мис нархининг прогнозда кўзда тутилган 1 тоннаси учун 7 800 АҚШ долл.нархидан 500 АҚШ долларига пасайиши 940 млрд сўм бюджет даромадлари камайишига; - энергия ресурслари тарифларининг оширилмай қолиши 1,5 трлн сўм бюджет даромадлари камайишига олиб келиши мумкин. Эътибор беринг, валюта рискининг бюджетга салбий таъсири олдинги йилларга нисбатан кескин ошган, нетто импортерга айланганимиз учун газ нархларининг таъсири ҳисобга олинмаган, ваҳоланки, биз энди газни энергетик қурол деб биладиган айрим давлатларга бу борада анчагина қараммиз.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin