Қарз юки бўйича талаблар қатъийлашмоқда
Ниҳоят, Ўзбекистон банклари ва микромолия ташкилотларида қарз юкини ҳисоблаш талаби нафақат микроқарзларга, балки барча чакана кредитларга нисбатан қўлланила бошлайди.
Шунингдек, банклар ва микромолия ташкилотлари нафақат кредит (микроқарз) ажратишда, мажбуриятлар бўйича ўртача ойлик тўловлар миқдорини ошириш, кредитлаш лимитини ошириш ҳамда муддатни узайтиришга оид қарор
қабул қилинганда ҳам қарз юкини ҳисоблашлари керак бўлади.
Демак, Қарз берувчи томонидан кредит (микроқарз) ажратишда жисмоний шахснинг қарз юки кўрсаткичи:
2024 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январга қадар – 60 фоиздан;
2025 йил 1 январдан бошлаб – 50 фоиздан ошмаслиги керак.
Бунда банклар ва микромолия ташкилотлари учун айрим истиснолар қолдирилган. Хусусан, қарз юки кўрсаткичи банк томонидан жисмоний шахсларга кредит (микроқарз) ажратишда мазкур банк томонидан жисмоний шахсларга ажратилган барча кредитлар сонининг ва микроқарзлар сонининг энг кўпи билан 15 фоизигача бўлган миқдорида инобатга олинмаслиги мумкин.
Содда қилиб айтганда, банклар ўз риск профилидан келиб чиқиб, бир қатор қарздорлар гуруҳи учун қарз юкини ҳисобламай ва инобатга олмай молиялаштиришни амалга ошириши мумкин бўлади. Лекин бундай кредитлар сони, айтайлик, банк жами 1000 та кредит ажратган бўлса, 150тадан ошиб кетмаслиги зарур.