Бузуқ ечим: Ичимлик сувидан қарздор истеъмолчиларга кредит бермаслик таклифи ишлаб чиқилмоқда
Янги Ўзбекистонда мажбуриятларни ундиришнинг эски Ўзбекистонда қўлланилган аянчли усулларига қайтилаётгани жуда хавотирли. Эсингизда бўлса, 2016 йилгача автомобиль сотиб олиш учун автосалонларга коммунал хизматлардан қарздорлик йўқлиги ҳақида маълумотнома топширилиши керак эди (бу қанчалик кулгули вазиятлар яратгани, қанақа кўзбўямачилик ва сохтакорликларга етаклагани бошқа масала).
Энди бўлса, балки шундай бузуқ тажрибадан илҳомланиб, «Ўзсувтаъминот» ичимлик суви ва канализация хизматларидан қарздор истеъмолчиларга кредит бермаслик таклифи ишлаб чиқилаётганини маълум қилмоқда.
Энг аввало, сувдан қарздорлик ва кредит олиш ҳуқуқининг қандай алоқадорлиги бор? Масалан, чиқинди хизматидан қарзи борларга кўчмас мулк сотиб олиш тақиқланганини ҳам маъқуллаб бўлмайди, лекин қандайдир изоҳласа бўлади. Сувдан қарзи бор истеъмолчи сувдан узилиши керак, кредит олишдан эмас. Сувчилар ўз ожизликлари ва эҳтимолки, қўллари боғланганини банкларга ёки бошқа занжирларга юкламасликлари лозим.
Иккинчидан, банклар чакана кредитлар беришда қарздорларнинг молиявий ҳолатини ўрганади, скорингдан ўтказади, нафақат сувдан қарздорлик бўйича, бошқа мажбуриятлар ва ҳатто мажбуриятлар тарихи ва хулқ-атвор характеристикаси бўйича ҳам. Битта сувдан қарздорликни асосий омилга айлантириб қўйилиши юзлаб омилларга боғлиқ кредит ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш тизимини издан чиқаради. Сувчиларнинг таклифи ўтиб қолса, эртага чиқиндичилар келади бизникиниям тақиққа қўшиб беринг деб.
Учинчидан, бу тақиқлар икки томонлама мажбуриятлар паритети ясамагани учун, ўзи ёмонлашиб бораётган (айниқса шаҳарларда янги уйлар қурилиши ҳисобига) сув таъминотини яхшилаб қўймайди. Масалан, кўп қаватли уйларда ҳалигача сувнинг босими нормасини таъминлаш бўйича таъминотчининг мажбуриятлари йўқ. Бошқарув компанияси осонгина сувтаъминотга стрелка кўрсатади. Жуда кўп истеъмолчилар қўшимча харажат қилиб насослар ўрнатишга ёки бочкаларга сув тўлдиришга мажбур.
Тўртинчидан ва бу энг асосийси, ўзаро боғлиқ бўлмаган мажбуриятларнинг боғланиши, ҳуқуқнинг мажбуриятга айлантирилиши ва тақиқлар ўрнатилиши қанчалик даражада қонуний? Қонунларимиз ва энг асосийси, Конституциямиз бунга нима дейди? Адлия вазирлиги изоҳ берадими?