Ўтган йили ваъда қилинган "мўъжиза" бир йил ўтиб ҳам рўй бермади: 62 млрд.куб газга қачон етамиз?
Ўтган йили апрель ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми қисқариши тўхтамаётганига Энергетика вазири изоҳ бериб, йилнинг иккинчи ярмидан «динамиканинг ўзгариши»ни айтган эди. Бу орада 2023 йил тугади, 2024 йилнинг биринчи ярми ҳам тугади, 2024 йилнинг иккинчи ярми ҳам келди. Шимолдаги пудратчилар ва уларнинг эмиссарларига ҳеч бир тендерсиз топширилган қазиш ва бурғулаш ишларига триллионлар сарфланаётганига қарамай қулаш тўхтагани йўқ.
Кечикиб очиқланган Саноат статистикасига кўра, июль ойида 3 788,1 млн.куб газ қазиб олинган. Бу ўтган йилнинг июлига нисбатан 114,6 млн.куб кам. Агар динамика сақланса ва яна мўъжиза рўй бермаса, 2024 йилда ўтган йилдагидан 2-3 млрд.куб кам, 42 млрд.куб атрофида газ қазиб олинади. Эслатиб ўтамиз, ўтган йили табиий газ қазиб олиш ҳажмини 62 млрд.кубгача етказиш мақсадли кўрсаткичи эълон қилинган. Бу кўрсаткичга етиш учун газ қазиб олиш, мўъжиза рўй бериб ҳозирги тубга қулаш тўхтатиб қолинган тақдирда, ҳар йили 8-10%дан ёки ўртача 4 млрд.кубдан ошириб борилиши керак.
Нефть қазиб олишдаям шу аҳвол. Ўтган ойда 60,2 минг тонна нефт қазиб олинган, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,5 минг тоннага камайган.
Бензин ишлаб чиқариш 115 минг тоннагача тушган (-18.2 минг тонна).
Дизель ишлаб чиқариш 119.4 минг тоннагача кўпайган, лекин йиллик ҳисобда ишлаб чиқариш 10,8 минг тоннага қисқарган.
Электр энергияси генерацияси 5 959,2 млн.кВт.соатгача тушган, бу ўтган йилнинг июлига нисбатан 1 218,3 млн.кВт.соат камроқ дегани.