Бир қарамликдан қутулмоқдами, иккинчисига тутилмоқдамиз
Бугун эълон қилинган рақамлардан хурсанд қиладигани жами пул ўтказмаларида Россиядан пул ўтказмаларининг улуши 75%гача пасайгани бўлди. Уруш бошланишидан олдин бу кўрсаткич 90% атрофида эди.
Шимолда ишлаётган меҳнат мигрантлари масаласи ўтган эпохада ҳам, янги даврда ҳам шимолликлар олдида тилимизни доим қисиқ қилиб келган, доимий босим ўтказган, сиёсатда ҳам, иқтисодиётда ҳам, бизнес масалаларида ҳам.
Қарамлик ҳар йили ўртача 10 фоиз бандига пасайиб бормоқда ва тенденция ўзгармаса, 2027 йилга бориб шимолдагиларга бу бўйича боғлиқлик 50%дан пасаяди.
Лекин шунча дастурлар, вазифалар ва амалий ҳаракатлар, асосийси меҳнаткаш халқимизнинг интилишлари орқали бир қарамликдан чиқаётган вақтимизда бир тўда манфаатларини деб энергетика бўйича иккинчи қарамликка тушаётганимиз жуда ёмон. Уруш бошланганидан кейин шимолдан нефть, газ, бензин ва умуман ёқилғи импорти икки карра ортди ва ортишда давом этмоқда. Ўтган даврда энергетика соҳасида қарор қабул қилувчи сеҳргар устозилардан ижродаги корчалонларигача бу бўйича қанақадир хавотири мавжудлиги ҳақида фикр чиққани йўқ. Улар қайтанга Ўзбекистон яна худди совет мустамлакаси давридагидек марказга қарамлиги ошаётганидан хурсанд бўлиши мумкин, балки уларнинг вазифалари шундайдир.
Бугунги анжуманда ёқилғи бўйича фақат бир мамлакатга — Россияга қарамлик ошиб бораётгани хатар сифатида инобатга олинаётгани ёки олинмаётгани бўйича савол берилди (Газета мухбири Баҳодир Абдуллаевга раҳмат). Тўғри, аниқ жавоб эшитганимиз йўқ.
Энергоқарамлик масаласи балки ўзбек чиновникларини ташвишга солмас, лекин бунинг товонини тўлаётган фаол жамоатчиликни, оддий ўзбекистонликларни доим қайғуга солади ва ўйлантиради.
Қарамликни камайтириш ва қутулиш йўлида чиновниклар ечимлар қидиришга ва амалий ҳаракатларга ўтишлари учун бу савол яна ва яна такрорланавериши керак. Коридорда тутволинса, коридорда берилиши керак, кўчада учратилса, кўчада, анжуманда бўлса, анжуманда.