Қўнғирот сода заводи ҳам яширинча “хусусийлаштирилдими”?
Бугунги йиғилишда сотилган йирик активлар қаторида Қўнғирот сода заводи ҳам хусусийлаштирилгани эълон қилинди. Эьтиборлиси, Қўнғирот сода заводининг хусусийлаштирилгани 5 йил аввал ҳам шу каби мақомдаги йиғилишда маълум қилинганди.
Қизиқ тарафи, 5 йил аввал ҳам, ҳозир ҳам хусусийлаштиришга масъул бўлган Давактив Марказий Осиёдаги ягона, Қорақалпоғистондаги энг йирик заводлардан бўлган Қўнғирот сода заводи кимга, қанчага ва қачон сотилгани бўйича бирон бир очиқ маълумот бермаган.
Қўнғирот сода заводи МЧЖ устав капиталининг 51 фоиз миқдоридаги улуши сотилиши ҳақидаги Давактивнинг ягона ва охирги хабари 2019 йилга оид (кейин ўчириб юборилган). Жараёнга “хусусийлаштириш оталарининг” севимли маслаҳатчиси Ernst & Young ҳам жалб қилинган.
Ҳамма пандемия пайтида яшаш ва ҳаво учун курашаётган вақтда Қўнғирот сода заводининг 51% улуши Амирликларда рўйхатдан ўтган NCV International DMCC қўлига ўтиб қолган (бу “инвестор” Ўзбекистон аэропортларидаги duty free дўконларида ҳам билвосита улушдор). NCV International DMCC 51% улушни қанчага, қайси йўл билан ва қандай шартларда қўлга киритганини Давактив ёки Иқтисодиёт ва молия вазирлиги айтмаса, биз қайдан биламиз?
Нима бўлгандаям, Қўнғирот сода заводининг 49%и де-юре давлат қўлида (Давактивда) қолаётганди. Аввалига 51%, кейин 49%лик улуш қандай, қанчага ва қайси усулда “сотилганини” очиқлашмаган экан, яна ўша методичка “яширинча хусусийлаштириш” схемасидан фойдаланишган чиқар.
Давактив репутация ҳақида қайғурмас, майли. Нега ўзларини катта тўртликка алоқадор дея кўрсатадиган “консультант”лар бу жараёнларга соқов шерик бўлаётгани қизиқ. Улар нима, қачонлардир Артур Андерсен ва Энрон каби можаролар бошқа такрорланмайди, улар бундан суғурталанган деб ўйлайдиларми? Ёки учинчи дунёдаги акс-садолар биринчи дунёга етиб бормайди деб ҳисоблайдиларми?
Қўнғирот сода заводи 1995-2006 йилларда Ўзбекистон халқининг пешона териси (хусусан, мажбурий меҳнатли пахтадан суғуриб олинган маржалар) ва Ўзбекистон халқи тўлаган кредитлар, ёпилган конвертация ҳисобига қурилган.
- https://t.me/the_bakiroo/924@the_bakiroo
- http://davaktiv.uz/uz/yangiliklar/asset-news/4668-n-irot-soda-zavodi-mchzh-ustav-kapitalidagi-zkimjosanoat-azhning-51-foiz-ulushining-sotish-tartibidavaktiv.uz
- https://www.spot.uz/ru/2022/08/03/uzbairports-duty-free/spot.uz
- https://davaktiv.uz/oz/corporate/company/THKOJHGdavaktiv.uz
- https://t.me/the_bakiroo/3220@the_bakiroo