Қайсидир давлат банкига инвестор чиқса, ҳайрон бўлардим
Яъни ҳозирги реалликларда давлат банклари хусусийлаштирилишини яна ва яна кечиктиришда давом этиши бу норма. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Парадокс шундаки, давлат банкларининг реал қиймати йилдан-йилга арзонлашишда давом этаверади. Масалан, ҳали иккита осмонўпар бино қурмаган шартли Х банкни 2019 йилда 2 баробар қимматроқ сотса бўларди, ҳозир номиналининг ярим нархига кетмайди. Ваҳоланки, ўтган 6 йилда бу банкларнинг капиталига давлат яна қанча триллион пул берди (яъни нафақат 2019 йилдаги банк қиймати қадрсизланди, кейинги йилларда капиталга киритилган триллионлаб маблағлар ҳам қадрсизланди). Чунки банкларга нисбатан қилинаётган ғирт тескари ишлар, нобанк вазифалардан тортиб маъмурий, зараркунанда қарорларгача, сифатсиз, лекин лоял менежментгача банклар нархини фақат арзонлаштиради.
Шахсан мен давлат банклари охир-оқибатда шу банкларнинг садоқатли менежменти (кураторлари) ёки уларга боғланган бизнес тузилмалар томонидан ўзбекча усулда, сопини ўзидан чиқариб “хусусийлаштириб” олиниши эҳтимолини юқори баҳолайман (балки давлат банкларининг аҳволини тинимсиз ёмонлаштирувчи амалиёт ва ҳаракатлардан асл мақсад ҳам шудир).
Зеро биронта ақли соғ хорижий инвестор бегоналар учун токсик бўлган ялтироқ банкларга яқинлашма кўрмайди. Пули бўлса, янги банк очади ёки эркин бозордаги хусусий банклар билан коллаборация қилади.