22K98Telegramda ochish
Қаттиққўл ҳокимият ва уруш эффекти Миркомил Холбоев қардош Қирғизистонда даромадлар Марказий Осиёда энг юқори даражада ўсаётганига эътибор қаратган. Агар ўсиш суръати ўзгармай қолса, Қирғизистон 2026 йилда жон бошига даромад бўйича мамлакатимизни деярли етиб олади, 2027 йилдан эса ўртача қирғизистонлик ўртача ўзбекистонликдан бойроқ бўлади. 2030 йилга бориб Қирғизистонда жон бошига даромад Ўзбекистонга нисбатан 1,5 баробарга юқорироқ бўлиши мумкин. Қирғизистонда даромадлар ўсиши тезлашгани кўп омилларга боғлиқ. Улардан муҳими 2021 йилда ҳокимиятга келган Жапаров ва Ташиев маъмурияти юритаётган қайта марказлаштириш сиёсати билан боғлиқ. Янги қаттиққўл ҳокимият бюджет, солиқ ва божхона тешикларини ёпти, қўлдан чиққан кон ва активларни миллийлаштирди, криминал авторитетларни йўқ қилди. Яъни 30 йиллик анархияга барҳам берилди, тарқоқлик ўрнини сиёсий, иқтисодий, молиявий концентрация эгаллай бошлади, давлат куч ишлатиш монополиясини ўзига қайтарди. Табиийки, давлат бюджети 4 йилда 3 карра ошди, давлат ижтимоий функциясини бажара бошлади (аҳоли даромадлар ўсишининг асосий манбаи). Лекин бу жараён қанча давом этади, жуда саволли. Жапаров Қирғизистони Каримовнинг 90- йиллар ўртасидаги хатосини такрорласа, яъни қаттиқлашувни давом эттирса, ўсиш секинлашади. Иқтисодиёт анархияда кенгаймайди, лекин диктатурада ҳам, агар бу непотизм ва клептократик белгилар билан юз берса, ўсиш секинлашади, вақт ўтиб тўхтайди. Иккинчи муҳим омил бу Россиянинг Украинага босқини ортидан киритилган санкцион чекловлардан “унумли” фойдаланиш билан боғлиқ. ЕОИИнинг аъзоси сифатида айтиш мумкинки, Қирғизистон Россия учун параллел импортнинг муҳим хабига айланди. Грузиядан тортиб Европагача маршрутларда, автомобиллардан тортиб техника ва ускуналарнинг Қирғизистонга импорт қилиниб, Россияда қўним топиши охирги йилларда ҳеч кимни ҳайрон қолдирмай қўйди. Агарда АҚШда демократлар ғолиб бўлганида, иккиламчи санкциялар қўлланиладиган биринчи давлат Қирғизистон бўлиши мумкин эди. Нима бўлгандаям, қардошлар 3 йил давомида ўта устамонлик билан вазиятдан фойдаланишди, урушнинг туманлари уларни бенефициарга айлантирди. Лекин бу омил узоққа чўзилмаслиги тобора ойдинлашмоқда (уруш тугаши ё санкцион каналлар ёпилиши). Шундай экан, Қирғизистон даромадлар борасида Ўзбекистонни қувиб ўтиши мумкин, лекин бунинг учун қардошлар қанақадир янги импульсни топа олишлари керак бўлади. Майли, бу қўшниларнинг иши. Биз Ўзбекистонликлар эса, нима учун даромадларнинг ўсиши суръатида Қозоғистондан яна ортда қолаётганимиз (каррасига фарқимиз яна катталашаётгани) ҳақида ўйлашимиз керак.

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin