Давлат раҳбарининг 80 бензинни тақиқлаш топшириғи қачон бажарилади?
80 шиптир тақиқланмагунча, монополист ва олигархлар талончилиги тўхтамайди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган бензиннинг 80%дан зиёди 80 шиптирдан иборат. Дунёнинг Афғонистондан бошқа ўлкаларида тақиқланган 80 шиптирдан бош манфаатдорлар очофат монополист ва ўғри олигархия ҳисобланади. 80 шиптирнинг миллатга, табиатга зарари ҳақида гапирилмаган гап қолгани йўқ. Лекин монополистлар ва олигархат миллатгаям, табиатгаям тупуриб қўйган.
Давлат раҳбари миллат ва табиат кушандасига айланган 80 бензинни тақиқлаш бўйича охирги йилларда бир неча марта вазифа қўйган. 2024 йилда берилган топшириқ бажарилмади. АИ — 80 русумли автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш вазифаси 2025 йил давлат дастурига ҳам киритилган. Лекин қолган 6 ойда бу вазифа бажарилиши яна даргумон.
Биласизларми, нимага? Чунки бутун йил давомида 80 бензинни қисқартириб бориш, юқори октанли ва арзон бензин кенг таклифи ва соғлом рақобатини яратиш бўйича ҳеч бир иш қилмасдан, кеч кузга бориб, пес-моховга айланган монополист ва олигархлар сунъий ёқилғи танқислигини уюштиришади ва худди шантажчилар сингари "80 шиптирни тақиқласак, ўламиз" деган картина чизиб беришади. Табиийки, масала яна кейинги йилга қолаверади, кейинги қишгача эсдан чиқаверади. Мана бундай ёлғон ваъдалар учун ҳеч ким жазоланмайди. Кипрликми, гонконгликми олигархга совға қилинган Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи нима учун модернизация қилиш мажбуриятини бажармади, деб ҳеч ким сўрамайди. Сўраши керак бўлганлар ё шерик ё охурга ўргатилган бўрдоқи қилиб боқувга олинган.
Резинкадай чўзмай, 80 бензин бирдан тақиқланса нима бўлади? Очофат монополистлар, ўғри олигархлар, уларнинг энергошотирлари мажбур бўлади бозорни очишга, рақобатчиларни киритишга, темир йўл ва омборлар инфратузилмаларидаги коррупцион квота, аждарҳо тариф ва маъмурий тўсиқларни олиб ташлашга. Чунки улар билишади, қанчалар саводсиз ва примитив энергоношуд эканликларини, 80 тўсатдан тақиқланса, 1 миллион тонна 92 бензин топиб бера олмасликларини.
80 бензин ишлаб чиқариш ва сотишни тақиқлаш учун энг қулай вақт бугун, эртага ёки шу ҳафта. Икки оёқни бир этикка тиқадиган қилиб энергокризис уюштириладиган куз ва қиш эмас.
Яна қанча чўзиш мумкин ўзи? Фавқулодда ва зудтар чора кўрилмаса бефойда. Унгача энергомуттаҳамлар ҳар куни нархни рекорд даражада шишириб, соққани босишаверади, ўзбекистонликларни талайверишади.
- https://t.me/the_bakiroo/7871@the_bakiroo
- https://t.me/Press_Secretary_Uz/3762@Press_Secretary_Uz
- https://lex.uz/docs/7369703lex.uz
- https://www.gazeta.uz/uz/2024/05/17/buxoro-nqiz/gazeta.uz
- https://kun.uz/kr/news/2024/08/21/fnqzni-100-mln-dollarga-xususiylashtirib-olgan-saneg-uning-bir-qismini-140-mln-dollarga-sotdikun.uz
- https://t.me/uzexuz/7876@uzexuz