Рост гапириш пайти келмадими? Газ нега субсидияланиши керак?
Газета субсидиялашни тўхтатиш билан боғлиқ ёлғон ваъдалар ва субсидия ўзлаштирувчи UzGasTrade'нинг ёпиқ қозон бўлиб қолаётгани масаласига тўхталган.
"Газ нархидаги фарқни қоплаш учун катта бюджет маблағлари ажратилганига қарамай, ушбу субсидияларнинг якуний олувчилари, шунингдек, уларни тақсимлаш механизмлари тўғрисида жамоатчиликка очиқ маълумот йўқ. Хусусан, импорт ёки маиший газ етказиб бериш компенсацияланадими, субсидиялар аҳоли эҳтиёжига, тадбиркорлик ёки экспортга йўналтириладими, фойда олувчилар кимлар — аниқлик киритилмаган".
Охирги 3 йилда қулоғимизга қуйиб келинадиган пропаганда доирасида "газ аҳоли эҳтиёжлари учун субсидияланади" деган шаблонни тинимсиз такрорлашади.
Аслида-чи? Келинг, бор маълумотларни чоғиштириб кўрайлик.
Ўзбекистонда энг асосий газ ишлаб чиқарувчи бу Ўзбекнефтегаз. Қўрқинчли даражада қулаётганига қарамай, монополист йилига 26-28 млрд.куб газ қазиб олади. Аҳоли эҳтиёжлари учун йилига 10 млрд.куб атрофида газ сарфланади (ёпиқ режаларга кўра, бу кўрсаткич 2028 йилгача яна камайиб боради). Яъни асосий ишлаб чиқарувчининг гази аҳоли эҳтиёжини қондиришга 2,5 каррадан кўпроққа етади. Яна бир бора такрорлайман, аҳолини газ билан таъминлаш учун ҳеч қанақа импортга зарурият йўқ, ҳеч қанақа "хусусий ва чўнтак" компанияларнинг қимматлаштирилган гази ҳам керакмас.
Маълумотларга юзланамиз. Ўзбекнефтегаз ҳар куба газини UzGastrade'га 600 сўмдан сотади (бу охирги маълумот, ундан кейин янгилангани ва очиқлангани йўқ). Аҳолига эса газнинг кубаси тарифларга кўра, 1 000 сўмдан 3 000 сўмгача нархда сотилади.
Хўп, UzGastrade 15% маржасини олди, кейинги ўртамчи Ҳудудгаз ҳам яна 15% маржасини олди, Ўзтрансгаз етказиш хизматини қўшди (боринг ана яна устига 15%) дейлик. 600 сўмлик газ аҳолига етгунча 915 сўмга айланади, 1 000 сўмга бормайди.
Энди яна ўша савол: Нима учун газ субсидияланиши керак. Яна аҳоли эҳтиёжларини қоплаш деган ҳеч бир асосга эга бўлмаган ва очиқ исботланмаган важ билан?
Очиқлик ва шаффофлик бўлмаса, UzGastrade'га оид барча битимлар очилмаса, триллионлаб субсидиялар бу газ импорти баҳонасида олигарх ўртамчиларнинг офшордаги чўнтакларига пул чиқариб бериш воситасими деган янада ёқимсиз саволларга рўпара бўлинаверади.
Бошни қумга тиқволиб ўтиришда давом этиш мумкин. Ҳеч ким ишонмай қўйган ёлғонларни янгича аранжировкада куйлаш ҳам мумкин. Лекин қачонгача? Рост гапириш пайти келмадими?
- https://www.gazeta.uz/uz/2025/08/07/subsidy-gaz/gazeta.uz
- https://t.me/the_bakiroo/9352@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/7889@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/9646@the_bakiroo