Нуфуси 700 мингдан ошган Наманган ва 600 мингдан ошган Самарқанд шаҳарлари алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликка айланадими?
2025 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг энг йирик учта шаҳри — Наманган аҳолиси 724,9 минг, Самарқанд аҳолиси 604,0 минг, Андижон аҳолиси 501.1 минг нафарга етган. 3 йил аввалги очиқ маълумот билан солиштирилса, ТОП-10 ҳудуд орасида Андижон шаҳри аҳолиси энг юқори суръатда ошмоқда.
Айнан 3 йил муқаддам Давлат раҳбарининг парламент ва халққа мурожаатида Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказиш таклифи илгари сурилганди. Лекин олий даражадаги таклиф бўйича ҳалигача амалий ва ҳуқуқий ҳаракатлар юз бергани йўқ.
Ўзбекистон Марказий Осиёда пойтахтидан бўлак республика бўйсунувидаги шаҳарлари мавжуд бўлмаган ягона давлат.
Қозоғистонда Алмати ва Чимкент Республика субъекти мақомига эга.
Қирғизистонда Ўш (шунингдек, тез орада яна Манас), Туркманистонда Аркадаг, Марв, Туркманобод ва Туркманбоши шаҳарлари, Тожикистонда эса Ваҳдат, Турсунзода, Ҳисор ва Роғун тўғридан-тўғри республикага бўйсунувчи шаҳарлар мақомига эга.
Агар 3 йил аввалги таклиф амалга ошганида, Наманган ва Самарқанд тегишли номлардаги вилоятлар бўйсунувидан чиқиб, ўзининг алоҳидалаштирилган бюджетига эга бўлиши, кенгашларини шакллантириши, ҳокимлари вилоят ҳокими тарафидан эмас, Президент томонидан тайинланиши керак бўларди. Энг муҳими, Ўзбекистонда Тошкентдан ташқари яна иккита моддий ва молиявий ресурсларни, аҳолини жамловчи ўсиш марказлари пайдо бўларди.
- http://telegraph.controller.bot/files/974432359/AgACAgIAAxkBAAJvD2kMV_51KGQO8f4B9F2LHErUejqtAALYDmsbMRBgSHI1tUXvrzeCAQADAgADeAADNgQcontroller.bot
- https://t.me/statistika_rasmiy/6643@statistika_rasmiy
- https://t.me/statistika_rasmiy/2755@statistika_rasmiy
- https://president.uz/uz/lists/view/5774president.uz