Йўғ-э. Парковка қироли монополист эмасми?
Тошкент шаҳрида автотураргоҳларни ташкил этиш ҳуқуқи билан бирга ахборот тизими операторлигини ҳам эгаллаган Streetpark Systems'нинг (Poytaxt Parking) Газета сўровларига берган жавоблари афсуски, кеча ва бугунги ахборот талатўплари орасида эътиборсиз қолиб кетди.
Хуллас, оператор Poytaxt Parking'дан иқтибос
"Дунёда бирорта шаҳар йўқки, у ерда бир нечта оператордан кўп ишласин. Бунга иккита муҳим омил сабаб бўлади: 1) Пуллик тўхташ жойлари — бу соф тижорат эмас, бу жамоатчилик лойиҳаси бўлиб, тариф сиёсати ва тўхташ жойларини муниципалитет назорат қилади. Тошкентда ҳам ҳокимият ўзи нархларни белгилайди ва тўхташ жойларини ижарага бериб, мулкдорлик ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган;
2) бир нечта оператöрнинг мавжуд бўлиши шаҳар аҳолиси учун пуллик тўхташ хизматидан фойдаланишни мураккаблаштиради.
Назаримда, Poytaxt Parking "дунёнинг биронта шаҳари йўқки", деганда Россиянинг шаҳарлари, масалан Москвани назарда тутган кўринади. Лекин дунё яхшиям фақат Россия шаҳарларидан иборат эмас (Газетага фақат рус тилида маълумотлар берилгани ва расмий сайт бош саҳифаси автомат рус тилида экани ва ўзбекча муқобили русизм таржималари эканидан келиб чиқилса, парковка қиролида шимолдан жалб қилинган меҳнат муҳожирлари фаолият кўрсатишмоқда). Кўзим билан кўрганим ва кузатганимдан келиб чиқилса, Амстердам ва Мюнхендан, София, Лиссабон ва Лондонгача кўча парковкаларига (on street) бир неча рақобатлашувчи операторлар хизмат қилади. Бу шаҳарларнинг ҳеч бирида кўча парковкалари вертикал ва горизонтал равишда битта операторга қўшқўллаб топшириб қўйилмаган ва очиқ бозор (open market) принципларида ишлайди. Энг муҳим фарқ шундаки, кўча бўйлаб парковкалар барча нормал шаҳарларда муниципалитетлар (ҳокимиятлар) назоратида қолган. Хусусий операторлар эса ўз мижозлари учун (худди интернет провайдерлари каби) пакетлар, имтиёзлар, чегирмалар орқали курашади ва рақобатлашишади. Қайсидир шаҳарда парковка ҳуқуқини битта монопол операторга шармандалои аукцион орқали топшириш ўша шаҳар ҳокимнинг кейинги биринчи сайловга етмасдан туриб истеъфога кетишига сабаб бўлади.
Хуллас, парковка қиролининг монополист эмаслиги ҳақидаги иддаолари, менимча, жуда ғалати. Бунга Рақобат қўмитаси эътибор қаратиб, тегишли ўрганиш ва текширув жараёнларидан сўнг ўз баҳосини бериши керак.
Дарвоқе, парковка қироли Газета юборган саволларнинг бир нечтасини жавобсиз қолдирган.
Уларга қўшиб, биз ҳам яна сўрашда давом этишимиз керак:
86 та участкасида пулли автотураргоҳларни ташкил этиш ҳуқуқи учун 63 млрд.сўм тўлиқ тўланганми? Қачон?
Ягона паркинг ахборот тизими (платформаси)ни яратиш ва техник қўллаб-қувватлаш учун 7,6 млрд.сўм тўлиқ тўланганми? Қачон?
Йил бошидан буён парковка тизимидан қанча тушум таъминланди? Қанчаси давлатга ўтказилди?
Нима учун оператор керак бўлса кунлик ва ойлик ҳисобдор бўлиш ўрнига ёпиқлигича қолмоқда?
- https://t.me/the_bakiroo/9598@the_bakiroo
- https://www.gazeta.uz/ru/2025/11/24/tashkent-parking/gazeta.uz
- https://poytaxtparking.uz/rupoytaxtparking.uz