Талабалар учун ишламайдиган "галочка имтиёз" берилиши бу йил ҳам такрорланади
Ҳар йили монополистлар ҳавошка ва темир йўлларининг талабалар учун "имтиёзли чипта" тарзидаги амалда ишламайдиган марҳамати бу йил ҳам такрорланади.
2025 йил 18 декабрдан 2026 йил 12 январига қадар (шу куни ҳам) талабалар ва ўқувчилар учун 50 фоиз чегирма асосида йўл чипталари сотуви йўлга қўйилади.
Муаммо шундаки, 18 декабрга бориб самолетгаям, поездгаям янги йил арафасидаги кунларга чиптанинг ўзи қолмайди, қолсаям чиптанинг нархи осмон бўлади ва имтиёзнинг ҳеч қандай нафи бўлмайди. Табиийки, бечора талабалар яна Қўйлиқ ва Олмазор бекатидан 3-5 карра қимматлаган таксига ўтириб уйга қайтишади.
Бу муаммо учун ечим ва таклифлар бир марта эмас, бир неча марта такрорланган. Ҳатто Lolazor'даям кўтаргандик. Бефойда. Талабаларга янги йил таътили арафасида имтиёзли чипта олиш имконияти бутун йил давомида ишлаши керак, агар ҳақиқатан имтиёз бўлса. 18 декабрдан кейинга ишлайдиган имтиёз бу худди ҳайитдан кеийнги хина сингари, ундан амалда фойдаланиб бўлмайди. Ёки яхшиси бу имтиёз учун ҳавошка ва темир йўлларига бюджетдан берилаётган субсидия талабалар чўнтагига тушадиган қилиб берилиши лозим (монетизация қилиниб).