Такси ва етказиб бериш хизматларида фақат ўзбекистонликлар ишлаши билан боғлиқ талаблар жорий қилиниши зарур!
Геосиёсий вазият мураккаблашаётган шароитда Ўзбекистонда ўзбекистонликларнинг ишлаши ва иш берувчилар томонидан ватандошларимизни устувор танлаш мажбурияти таъминланиши керак.
Юз бераётган воқеалар ва берилаётган ишоралар кўрсатмоқдаки, кейинги ойларда шимолда вазият янада оғирлашади ва эскалация фақат ортиб боради.
Шимолдан қайтган ва қайтаётган меҳнат муҳожирларимиз учун меҳнат бозоримизда мутаносиб таклиф яратишимиз керак. Бунга барча имкониятлар бор. Энг аввало йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларида шартли ҳиндистонлик ва бангладешлик ишчиларни жалб қилишни тўхтатиш лозим. Ҳалям даф бўлмаган ўғри олигархлар ҳам, ҳалол-пок инвесторлар ҳам бир талабни мажбурият ўлароқ қабул қилиши лозим: қуйи ва ўрта поғонада фақат ўзбекистонликни ишлатилиши керак, тамом. Юқори менежмент, Ўзбекистонда етарли таклифи йўқ муҳандислик ва техник позицияларга майли, эркин танлайверишсин. Содда қилиб айтганда, Олмалиқдаги 4- ва 5- фабрикада ҳам, Тошкент-Самарқанд йўлида ҳам, Янги аэропорт қурилишида ҳам, Янги Тошкентнинг саноқсиз лойиҳаларида ҳам устувор равишда ишчи кучи ўлароқ ўзбекистонликлар қабул қилиниши зарур.
Бу талаб нафақат саноат ва инфратузилма лойиҳаларда, қишлоқ хўжалигигаям (хитойликларга тақдим этилаётган майдонларда), қурилишгаям (йирик пудратларда), ҳатто банкларгаям тааллуқли бўлиши керак.
Айрим банклар бор, номини айтиш шартмас, ҳатто ўрта ва ўртадан паст лавозимларгаям, бозорда етарлича малакали таклиф бўла туриб шимолдан келганларни каррасига юқори маош билан ишга олган ва олишда давом этмоқда ( Меҳнат вазирлиги ҳам, Марказий банк ҳам бунга умуман эътибор бермаяпти). Шўпири-ю, котибасини шимолдан еталаб келиши қолди.
Хориждан ишчи кучини жалб қилиш ва ундан фойдаланиш қоидалари ўзгартирилиши керак. Лозим бўлса, қонун даражасида. Амалдаги қоидалар умуман эскирган, мавжуд иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий реалликларни ифодаламайди. Қоидаларда аниқ тақиқлар ва тирқиш қолдирмайдиган мезонлар белгиланиши, устуворликлар тасдиқланиши зарур (парламентимиз топшириқ бўлса, 3 кунда ҳар қандай қонунни овоз чиқармай, тасдиқлаб беришини неча марта кўрдик?).
Айни пайтда зудтар ижро қилиниши лозим чоралардан бири — такси ва етказиб бериш хизматларида фақат ўзбекистонликларни ишлаши билан боғлиқ талаблар бўлиши лозим.
Нижнекамскда қурбон бўлган ватандошларимиз юртида, оиласи бағрида ишлаши мумкин эди.