Помидор ва бодринг эртароқ қимматлаша бошлаган
Августнинг биринчи ҳафтасида помидор ва бодринг энг юқори даражада қимматлаган маҳсулотлар рўйхатида етакчилик қилган. 29 июлдан 5 авгутсгача оралиқда помидор 16,4%га, бодринг эса 3%га қимматлаган. Аввалги йилларда помидор сентябрь бошидан, бодринг эса сентябрь охири ва октябрдан қимматлашишни бошларди.
Помидорнинг (Мирободда 11 100 сўм) ва бодрингнинг (Мирободда 10 727 сўм) энг юқори нархи пойтахт туманларида қайд этилмоқда.
Баҳорда Тошкент шаҳри ва ёндош Тошкент вилояти туманларидаги иссиқхоналарни Сурхондарёга кўчириш ёки фаолиятини ўзгартиришни назарда тутувчи қарор қабул қилинган. Де-юре ва де-факто 2026 йил 1 августдан пойтахт ва ёндош туманларда иссиқхоналар фаолияти тўхтатилиши белгиланган. Хусусан, Тошкент шаҳри, шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида жойлашган иссиқхоналарга нисбатан газ таъминотини тўхтатиш, сув тарифларини 5 карра кўтариш, солиқларни 10 карра оширилиши кўзда тутилган (ҳали қонунчиликка киритилгани йўқ).
Янги реалликларда сабзавотлар, биринчи навбатда помидор ва бодринг нархлари пойтахтда қандай ўзгаришини бу йил кузда кўрамиз. Янги талаблардан кейин Сурхондарёга кўчган ёки фаолиятини ўзгартирган иссиқхоналар тўғрисида ҳали батафсил расмий маълумотлар берилгани йўқ.
- https://narxtahlil.uz/narxtahlil.uz
- https://t.me/the_bakiroo/12312@the_bakiroo
- https://lex.uz/docs/8128922lex.uz