Иложи бўлса, жуда узоқдан - Аргентинадан гўшт келтиринглар, чўнтагингларга кўпроқ қолади
Ёмғирдан кейинги қўзқориндай вилоятларда ва туманларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармалари ташкил этилмоқда. Бу жамғармаларга бюджетдан маблағлар ажратилмоқда. Ёзда, коронавирус келтириб чиқараётган пневмония авжига чиққанида ҳам шундай жамғармалар тузилган эди. Жамғарма маблағлари қандай ишлатилгани ва дори-дармон билан қандай муаммолар юзага келгани ҳеч кимнинг ёдидан ҳали чиққани йўқ.
Аввало қонунчиликка тўхталсак. Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги Қонунга кўра, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этиши мумкин.
Лекин бундай жамғармаларга бюджет маблағларини йўналтириш мумкин эмас! Умуман мумкин эмас!
Қўзиқориндай ташкил бўлаётган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармалари фуқаролар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг, бундан бюджет ташкилотлари мустасно, ихтиёрий бадаллари ва хайриялари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шакллантирилиши мумкин холос.
Қонунга амал қилинглар, барака топгурлар.
Тепадан топшириқ бўлди деб халқнинг, солиқ тўловчиларнинг пулини чаяверасизларми? Балки тўхтатарсизлар?!
10 млрд.сўмлик жамғарма тузган ўзгача ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов айтаяпти: "Шу вақтга қадар захира учун бирор марта бюджетдан пул ажратилмаган. Бунақаси биринчи марта бўляпти." Чунки, Шуҳрат Қўшақбоевич, шу пайтгача бу масалада қонун нормаларига амал қилиш талаб қилиб келинган, сиз эса Қонунга тупуриб қўймоқдасиз. Дарвоқе, биринчи марта эмас.
Мана бу ерда эса Ғузор ҳокими Қашқадарёга Белорусдан гўшт келтирмоқчи. Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳатто Россиядан эмас, 3500 км наридаги Белорусдан.
Қашқадарёга Белорусдан гўшт импорт қилиш бу худди Тулага Аляскадан самовар импорт қилиш кабидир.
Эътибор берсангиз, қонунларга тупуриб қўйиб, давлат маблағларини ўзлаштириш, ўзлаштиргандаям намойишкорона, энг қиммат, энг узоқ, энг талон-тарожли йўлдан борилмоқда. Гўёки, халққа, ҳа, нима дейсан, биз шунақа ўғримиз, замон бизники, қўлингдан нима келади, дейишмоқчидек.
@the_bakiroo
- https://lex.uz/docs/112170lex.uz
- https://daryo.uz/k/2020/10/23/andijonda-budjeti-10-mlrd-som-bolgan-oziq-ovqat-xavfsizligini-taminlash-jamgarmasi-tashkil-etiladi/daryo.uz
- https://daryo.uz/k/2020/10/22/guzor-hokimi-aholiga-55-ming-somdan-gosht-yetkazib-bermoqchi-bolgan-tadbirkorga-narxni-yanada-arzonlashtirishni-taklif-qildi/daryo.uz