Бош вазир таклифи эсдан чиқдими?
Монополияга қарши кураш қўмитаси ва «UzAuto Motors» компанияси ўртасида можаро авжига чиққан 20 кунча аввал Бош вазир жуда яхши таклиф айтганди.
Хусусан, ишни кўриб чиқишда хорижий консалтинг компанияси хулосасини олиши кераклиги билдирилган.
Келинглар, ростанам холис, мустақил консалтинг компанияси чақирилсин. Мустақил компания UzAuto Motorsнинг ички ва айниқса ташқи бозордан деталлар, эҳтиёт қисмлар сотиб олиш нархларини ўргансин, солиштирсин, UzAuto Motorsнинг тузган ва тузаётган битимларида кўрсатилган партнерлардан бошқаларда афзалроқ ёки рақобат таклифлари бор-йўқлигини аниқласин. Шунда молиявий схемалар, қимматига олинаётган эҳтиёт қисмлар, пировардида таннархнинг атайин оширилиши борасидаги гумон-у важларга барҳам берилади. Ора очиқ бўлади ва ҳамма тинч ухлашни бошлайди.
Мустақил консалтинг компанияси UzAuto Motorsнинг Ўзбекистондаги партнерлари - локализация билан банд компанияларнинг нархлариниям бир ўрганиб чиқиши керак бўлади. Нега?
Чунки қайсидир русумдаги автомашинанинг локализацияси, яъни эҳтиёт қисмлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши даражаси ортган сари ўша русумдаги авто арзонлашиш ўрнига фақат қимматлаши боради. Бу табиийки, истеъмолчида шубҳалар ва саволларни яратади.
Мана бу фотодаги автоларни ҳамма билади. Улардан иккитаси ҳозир ишлаб чиқарилмайди, лекин Дамас русумлиси мана 24 йилдан буён конвейердан чиқиб турипти.
24 йил аввал ноябрь ойида ушбу автонинг прейскурант нархи 410 минг сўм ёки расмий курс (1 доллар 51 сўм) бўйича 8039 долларни, бозор курси (1 доллар 60 сўм) бўйича 6830 долларни ташкил этган.
24 йил ўтиб, Дамас нархи 78 млн 283 минг сўмни ташкил этмоқда ёки расмий курс бўйича (1 доллар 10360 сўм) 7556 доллар.
Бошқача айтганда, бозор курси бўйича Дамас нархи 24 йил ичида 10,5%га қимматлаган. Нега бозор курсини олаяпсан, деган эътирозлар бўлмаслиги учун айтайин: Чунки 2017 йил 1 июнга қадар Женерал Моторс Ўзбекистан АЖ автомашиналари прейскурант нархларини фақат бозор курслари бўйича белгилаб келган ва сўмнинг тўла конвертацияси таъминлангандан кейингина валюта курсига боғланмаган ҳолда автолар савдоси бошланган.
Бу биргина Дамас мисолидаги ҳисоб-китоблар холос. Локализация мақсад-маъноси валютани тежаш ва пировард маҳсулотнинг таннархини арзонлаштириш. Акси бўлса-чи? Локализация валюта ўзлаштириш ва тайёр кафолатланган буюртмалар орқали таннархни мақбуллаштириш эмас, қимматлаштириш сиёсати учун ишлаган бўлса, нима қилмоқ керак бўлади?
Демак, гар UzAuto Motorsнинг монопол мавқеи сақланиб қолар экан, унинг фойдасига протекционизм давлат сиёсати даражасига кўтарилган экан, келинглар, ҳаммаси шаффоф бўлсин. Битимлар, буюртмалар, нархларни тўлиқ очайлик. Мустақил консалтинг компанияси келиб баҳосини берсин. Ўттикини ўтга, сувникини сувга ажратсин.
@the_bakiroo