bakiroo kanalidan
Келинг, моделлаштириб кўрайлик
Шахсан мен Ўзавтосаноат ва унинг “UzAuto Motors” АЖ ва “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ каби шўъбаларининг душмани эмасман.
Асакадаги автозаводни ёпсак, ҳаммага яхши бўлади, деган гаплар русчасига айтганда "от лукавого".
Лекин мен Ўзавтосаноат ва унинг "болалари"ни ҳукумат ичидаги имтиёзга эга алоҳида ҳукумат эмас, бошқа солиқ тўловчилардан устунроқ бўлмаган солиқ тўловчилардан бири деб ҳисобланиши ва қаралишини истайман.
Бутун дунёда Ҳукуматнинг манфаати нима?
Ҳукуматнинг манфаати солиқ тўловчилар барча тоифаларининг манфаатларини имкон қадар кенгроқ ва тенг ифодалаган ҳолда солиқ тушумларини максималлаштириш.
Шу нуқтаи назардан, автомобиль бозори солиқ маъмурчилиги доирасида соддагина моделни кўрсак. Қайтараман, бу ўта соддалаштирилган модел (бўлажак эътирозлар учун).
Ҳозирда Ўзбекистон ички автомобиль бозорининг йиллик ҳажми 250 минг атрофида. Шунинг 240 минги маҳаллий монополь ишлаб чиқарувчи ва шартли 10 минги турли каналлар орқали импорт автомашиналар дейлик. Ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчи ишлаб чиқарган ҳар бир автодан турли солиқ каналлари орқали 2 минг доллар солиқ йиғаяпти дейлик. Бу йилига 480 миллион доллар бўлади. 10 минг импорт автодан 200% лик ноинсоний импорт тарифлари орқали 200 миллион доллар йиғилаяпти. Ҳукумат жами 680 миллион долларга эга бўлаяпти.
Энди тасаввур қилайлик, ҳукумат импорт тарифларини, айниқса двигатель ҳажми 2 литргача бўлган бюджет тоифа автолар учун инсоний даражагача, масалан 50%гача туширди дейлик.
Албатта бу ҳолда, Ўзавтосаноатнинг бозордаги улуши 95-96%дан 60-65%гача пасаяди. Табиийки, импорт автолар улуши ортади (турли эластиклик моделларини қўллаш мумкин).
Катта эҳтимол билан Ўзавтосаноатнинг автолар сотуви йилига 150 минггача қисқаради. Импорт автолар сотуви эса 100 минггача ортади.
Бу ҳолда Ҳукумат нимага эга бўлади? Ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчидан энди йилига бироз камроқ - 300 миллион долларлик солиқлар ундирилади, лекин инсонийлаштирилган импорт тарифларидан эса 500 миллион долларга эга бўлади. Жами 800 миллион доллар!
Кўраяпсизки, ҳукумат учун нисбий афзаллик шу оддийгина моделнинг ўзида 120 миллион долларни ташкил этади.
Бу ҳолатда Ўзавтосаноат нима қилади? Албатта, қўл қовуштириб ўтирмайди. Импорт босими остида таннархни ҳукумат қарори биланмас, ўзи қисқартиришга ҳаракат қилади. Сифатга эътибор беради. Россия, Хитой ва Кореядан келтирилаётган эҳтиёт қисмларнинг қиммати эмас, арзонроғи ва сифатлироқ муқобилларини топишга стимул пайдо бўлади. Фақат локализация учун ишлаётган кэптив корхоналарга айланиб бўлган шўъбаларга талабчанлик ортади. Ва энг асосийси - ички бозорда йўқотилган ўрнини қоплаш учун экспорт ҳажмини оширишга мажбур бўлади. Эҳтимолки, яхши менежмент, кучли ташқи маркетинг эвазига 1-2 йил ичида ишлаб чиқаришни яна 250 минг, балки 300 минггача оширади.
Чуқурроқ қаралса, бундан ҳамма ютади: Ўзавтосаноат ҳам, унинг ситуацион иттифоқчиси кўрилаётган Ҳукумат ҳам ва энг асосийси, автомобиль пайдо бўлганидан буён ҳеч қачон танловга эга бўлмаган ўзбек истеъмолчилари ҳам.
Балки йиллар ўтиб ўзбек авто ишлаб чиқарувчиси фақат латифалар ва қарғишлар объекти эмас, миллий ғурурга ҳам айланар. Лекин бунинг учун аввал бизга танлов берилиши лозим, чеклов эмас!
@the_bakiroo