Ҳақиқатни айтиш осон ва ёқимлими?
"Лекин божхона тўловлари ставкасини асло бизнинг компаниямиз белгиламайди", дейилмоқда UZAUTO MOTORS расмий баёнотида.
Ростанам шундайми? Асло, йўқ!
UZAUTO MOTORSнинг бугунги авлоди компаниянинг отаси Ўзавтосаноат раҳбари йиллар давомида, 2017 йил августига қадар айни пайтда ҳукумат аъзоси, нафақат ҳукумат аъзоси, балки Бош вазир ўринбосари бўлганини эсдан чиқаришган кўринади. Ўзавтосаноат ўтган эпоха ва янги эпоха бошида бир тижорий компания эмас, ҳукуматни тамсил этган!
Айнан ўша йилларда бугун ҳам амал қилаётган четдан автомашина импортига нисбатан аждарҳоча бож сиёсатининг тамал тоши қўйилган.
Энг қизиғи шундаки, айнан UZAUTO MOTORS ишлаб чиқараётган двигатель хажми 1 литрдан 2 литргача бўлган сегментдаги автолар учун импорт тарифлар аждарҳонинг додасидек даражада ўрнатилган.
Масалан, двигатель хажми 3 литрлик импорт автони Ўзбекистонга келтириш 2-2,5 баробар кўпроқ қимматга тушса, UZAUTO MOTORS ишлаб чиқарадиган Ласетти, Кобальт ёки Спарк сегментидаги автомашиналарни импорт қилиш автомашина қийматидан 3 баробардан зиёд қимматга тушади.
Рақобатдан қўрқиш шунча бўлурми ҳай-ҳай?!
Нега дейсизми, чунки импорт автомашиналарга нисбатан бож тарифлари айнан Ўзавтосаноат ташаббуси ва ўта айёрона ҳисоб-китоблари асосида яратилган ва тасдиқланган.
Ҳақиқатни айтиш осон ва ёқимли, деган эди 2000 йил аввал Понтий Пилатнинг қаҳрли суди ва сўроғи олдига келтирилган Иэшуа Ҳа-Ноцри.
Шундай экан, импорт автолар учун аждарҳоча импорт тарифлари ҳақида сўз очилар экан, савол Ўзбекистон ҳукумати билан бир қаторда ҳукумат билан чатишиб кетган ва ҳалигача ўзини вазирлик ўлароқ кўрадиган Ўзавтосаноатга ҳам берилаверади.
@the_bakiroo