Ҳукумат ўзининг эркатойи UzАuto Motors монополиясини нафақат аждарҳо божлар билан, балки нотариф чекловлар орқали ҳам ҳимоя қилади
Тадбиркорларнинг Президент билан учрашувидан аввал вазирлик ва идоралар раҳбарларининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ҳафталиги ҳам бўлиб ўтди. Ҳафталик давомида тадбиркорлар қарор қабул қилувчиларга энг оғриқли ва мураккаб масалаларни кўндаланг қўйишган. Бу масалалар ечимини топадими ёки йўқми, ҳали номаълум.
Масалан, Premium Auto компаниясининг раҳбари Шавкат Нурматов импорт жараёнида компания транспорт воситаси турини маъқуллаш сертификати билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётганини қайд этган:
"Агар юридик шахс биттадан ортиқ автомобиль олиб кирса, демак, у маъқуллашни амалга ошириши керак. Сертификатни олиш учун эса сиздан ҳар бир марканинг иккита автомобилини тақдим этиш сўралади. Бизда 12 та марка бор, «Ўзстандарт»га 24 та авто тақдим этишимиз, 500 млн тўлашимиз, иккита ходимимизни Америка ва Германияга жўнатишимиз керак бўлади. Натижада автоуловнинг таннархи бир неча баробарга ошади".
Автомобиль импортини амалга оширишда импорт автомобилларга стандартлаштириш ва климатик синов талаблари ҳаддан зиёд оғир эканлиги биринчи марта кўтарилаётгани йўқ.
Агар бир донадан ортиқ олиб кириладиган бўлса, модель махсус синовлардан, яъни сертификатлаштириш ва климатик синовдан ўтказилиши лозим, бунда ҳар бир модель 2 донадан тест синови учун берилиши ва 15 минг км масофани республика ҳудудида босиб ўтиши лозимлиги, шунингдек, ҳар бир тест синови учун ўртача 30 млн сўм тўланиши, стандартлаштириш ходимларини ишлаб чиқарувчининг заводига дилер ҳисобидан юборилиши керак. Абсурд даражасини ўзингиз учун тасаввур қилинг.
Нега бундай қилинган. Ҳаммаси UzАuto Motors монополиясини ҳимоялаш, рақобатнинг Р ҳарфига ҳам йўл қўймаслик учун қилинган. Чунки UzАuto Motors импорт бўйича ҳам мутлақ монопол мавқега эга ва унга ҳукумат махфий қарор билан бож тўламасдан автомобиль импорт қилиб сотишга шароит яратиб берган.
Нормал ривожланаётган давлатлар ўзидан техник ва технологик жиҳатдан бир бош баланд бўлган АҚШ, Европа иттифоқи ёки OECD аъзоси бўлган давлатлардан импорт қилинадиган технологик товарларни сертификатлаш чиғириқларидан аллақачон воз кечган. Чунки сертификатлаш ва синовлар билан боғлиқ масалаларда ўта талабчан АҚШ, Европа ва бошқа ривожланган давлатлар ўз солиқ тўловчилари ҳисобилан бу ишни аллақачон амалга ошириб бўлишган.
Дарвоқе, сертификатлаш билан боғлиқ яратилган тўсиқлар нафақат импорт автомобилларга, электромобилларга ҳам қўлланилиб келинмоқда. Ўзбекистонлик йилига биттадан ортиқ электромобиль олиб кира олмайди. Бунинг учун мувофиқлик сертификати деган бало ўйлаб топилган.