32K807Telegramda ochish
Автомобиль учун бож ставкалари икки баробарга пасаяди. Хурсанд бўлишга шошилмай туриш керак Бугунги йиғилишда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берилгани айтилмоқда. Ажойиб хабар. Чунки минг марта маҳаллий ишлаб чиқарувчи монополистни ислоҳ, тарбия ва инсофга чақирган билан рақобат муҳити пайдо бўлмагунча ҳаммаси бефойда. Олдиндан тўлов 85%дан 50% туширилиши ҳам фақат бир муддат самара беради, Навбатларни йўқотиш талаблари ҳам фақат вақтинча чоралар бўлади. Токи монопол ишлаб чиқарувчи ташқи рақобатчилардан максимал даражада босимни ҳис этишни бошламагунича, Бугунги кунда Ўзавтомоторс учун рақобат ҳосил қилиши мумкин бўлган импорт автомобилларга (двигатель ҳажми 3000 см3гача автомобиллар учун) энг юқори бож ставкалари ўрнатилган. Хусусан, Двигатель ҳажми 1000 см3 гача бўлган автолар учун 30%+ ҳар куб см учун 1,80 доллар; Двигатель ҳажми 1001-1500 см3 гача бўлган автолар учун 30%+ ҳар куб см учун 2 доллар; Двигатель ҳажми 1501-3000 см3 гача бўлган автолар учун 30%+ ҳар куб см учун 2,5 доллар миқдорида импорт божлари ўрнатилган. Бу двигатель ҳажми 3000 см3гача бўлган янги импорт автомобилларнинг ишлаб чиқарувчи нархини камида 2 баробарга қимматлаштиради. Яъни автомобиллар импорти учун бож ставкалар комбинациялашган тарзда белгиланган. Агарда божлар 30%дан 15%гача пасайтирилган ҳолатда ҳам, плюс қўшилган ҳар куб см учун махсус ставкалар ўзгармаса, амалда Ўзавтомоторснинг монополиясига заррача таъсир бўлмайди. Шунинг учун, бу ерда асосий масала божларнинг пасайтирилиши билан бирга қўшилган ҳар куб см учун махсус ставкалар бекор қилиниши даркор бўлади. Шунда ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчи - монополист 15 % импорт божи ва 15% ҚҚС эвазига 32,25%лик устунликка эга бўлади. Яна бир гап нотариф чоралар. Нотариф чора таъсирларининг ўрни божлардан ҳам даҳшатлироқ ва зарарлироқ. Бирон импортер автомобиль импорт қилади, лекин турли сертификация ва мувофиқлаштириш, бошқа бюрократик сабаблар туфайли автомобилларни бож тўлаб ҳам очиқ режимга олиб чиқа олмайди. Бу энг расво, энг жирканч, энг исқирт усуллардан ҳисобланади. Бир марта бундай усулга рўпара келган бизнес вакили автомобиль импорт қилиш бизнесидан бутунлай воз кечади (биз бунга электромобиллар импорти масаласида кўп гувоҳ бўлаяпмиз). Яна бир муҳим масала, ёпиқ қарорлар билан Шевролет, Шкода, Фольксваген (Узавтомоторс), Киа, Лада, Рено (Руделл) каби автомобилларни импорт қилиш бўйича Ўзавтомоторс ва айрим чўнтак хусусий компанияларга берилган имтиёзларнинг бекор қилиниши ҳисобланади. Ҳамма бир стартда ва бир қоидаларда ишлаши зарур. Бошқача айтганда, автомобиль бозорининг эркинлашиши учун фақат божларнинг камайтирилиши кифоя эмас, бунга ҳукуматнинг рақобатни қўллаш бўйича очиқ ва шаффоф ҳаракатлари ҳам керак бўлади. @the_bakiroo

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin