Россия банкларининг ўзбек бозорига фаол кириб келаётгани ҳақида
Мустақил банк тизимининг 30 йиллик тарихида ўзбек банк бозорига Россия банклари яқинлаштирилмаган. Турли йилларда бозоримизда голланд, британ, корейс, турк, грузин, қозоқ банклари бўлган ва фаолият кўрсатиб келмоқда.
Бу балки раҳматли Ислом Каримовнинг ўта эҳтиёткорона сиёсати билан ҳам боғлиқ бўлган. Балки раҳматли Каримов рус олигархияси ва рус банклари ортидан рус танкларининг кириб келишига ҳожат қолмайди, деб ҳисоблаганидан бўлганми, билмайман. Рус капиталининг шаклланиши ва унга сиёсатнинг таъсири тўғрисида етарлича ахборотга эга бўлган Каримов, балки рус олигархияси ва рус банкларида инвестор, бизнесмен кўрмаган, уларнинг қиёфасида Кремль сиёсатининг агентларини кўрган бўлиши ҳам мумкин. Айниқса 2008 йилда Грузияга, 2014 йилда Украинага уюштирилган тажовуздан кейин.
Янги даврда вазият 180 градусга ўзгарди. Нима бўлганда ҳам охирги йилларда Кремль олигархияси ва уларга боғлиқ гуруҳлар ўзбек иқтисодиётининг қатор секторларида мавқеларини мустаҳкамлаб боришмоқда. Айримлари бутун-бутун секторларни эгаллаб олишди ва бу йўлда давом этишмоқда. Бу йилдан бошлаб россияликлар банк секторида фаоллашишмоқда, нафақат серқатнов бўлиб қолишди, балки реал битимлар ҳам амалга оширилмоқда.
Банк секторини хусусийлаштиришга фаол киришаётган Ўзбекистон учун банк тизими капиталида турфаликни, яъни диверсификацияни сақлаб қолиш жудаям муҳим масала. Бирон бир гуруҳ ё мамлакатнинг, айниқса йирик давлатларнинг юқори концентрацияда улушга эга бўлишга йўл қўйиб бўлмайди. Бу нафақат мамлакат иқтисодиёти учун, суверенитети учун узоқ йилларга рисклар яратади.
Шахсан мен Россия банкларини ўзбек банкларидан бир калла баланд деб билмайман. Технологияларда ҳам, тажрибаларда ҳам (Тинькофф банк ягона истисно). Қолаверса улар кейинги 7-8 йилда глобаллашувдан, жаҳон капитал бозоридан узилиб бормоқда ва бу яна давом этади.
Очиқ иқтисодиёт қуришни овоза қилаётган Ўзбекистонга кучли рақобат қоидаларида ишлайдиган банк тизими керак, унда албатта Россия банкларига ҳам ўрин бор. Лекин бунда бугунги Россия билан боғлиқ алоҳида хусусиятларни ва оқибатларни бирор лаҳза эсдан чиқармаслик лозим бўлади.
@the_bakiroo