Muhrim / Муҳрим kanalidan
Ака Бакироо: “Фикрларим профессионал пропагандачиники билан уйқаш келади деб ўйламагандим”, деб ёзибди, Хайрулла Нуриддиновнинг: “Тошкентга трамвайларни қайтариш керак, менимча. Катта ва гавжум шаҳарга трамвай жуда асқотади. Ҳаммамизнинг эсимизда-ку ўша… қадрдон трамвайларимиз. Билмадиму, балки хато қилаётгандирман, лекин бу шахсий фикрим: агар пойтахт мутасаддиларининг ўрнида бўлганимда, ана шу ташаббус билан чиққан бўлардим”, деган гапини эшитиб.
Муаммо яшириб бўлмас ҳолатга етгач, ҳамма, ҳатто шу муаммонинг муаллифлари ҳам уни ҳал қилиш ҳақида бир хил фикрлай бошлаши мумкин. Шу боис бу сафар профессионал пропагандачининг гапи пропаганда муҳитидан ташқаридаги мантиқан тўғри мулоҳазалар билан уйқаш келганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Қимматбаҳо ва бесўнақай метро қурилаётган бир вақтда фаоллар арзон ва осон трамвайни тиклаш ҳақида гапирмай ҳам қўйганди, шу вақтда ташаббусни профессионал пропагандачи қўлга олгани зўр.
Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, дейдилар. Пропагандани ҳам устаси, профессионали қилиши керак. “Ўзбекистон 24” ишга тушгач, сал сифатлироқ пропаганда кўрамиз деб ўйлагандик (пропаганда умуман бўлмаслигини хоҳлаганимиз билан у йўқ бўлиб қолмайди-ку), маълум муддат кўрдик ҳам шекилли, аммо кейинчалик яна 2016 йилдан аввалги форматга қайтилгандек. Сайлов арафаси “Махсус ракурс”сифат тажрибаларни кўрдик, бир-икки ёндирадиган норасмий кадрларни бергач, оловдан фақат аччиқ тутун қолди.
Мен “Менимча”нинг биринчи сонини кўрмагандим (ҳозир ҳам бунга вақтимни кетказмадим), жамоат транспортига тааллуқли ўринлари (кўп муҳокама бўлгани) боис иккинчи сонини кўрдим. Кўрсатув менга ёқди — бу ҳақиқий, сифатли пропаганда. Ўзинг кўрганингда ҳам асабинг кўп бузилмайди (давлат телеканалининг бош(лиғи)ловчиси: “Давлат яхши бизнесмен бўлолмайди” деб турибди, аввал эшитганмидинг шунақа гапни давТВда?), шимолдаги пропагандачи ўртоқларингга кўрсатишга ҳам кўп уялмайсан.
Тан олиш керак, кўрсатув бошловчиси кучли. Кучи шундаки, у журналист/блогер ҳамкасбларимиз ва пропагандачи ўртоқларимиздан фарқли равишда айнан нимани ўткирроқ қилиб айтиш мумкину, қайси мавзуни айланиб ўтган маъқул — аниқ билади (масалан, мен билмайман). Тўғрисини айтганда, кўпчилигимиз айнан оқибатларни билмаганимиз учун қўрқоқмиз. Бу бошловчи эса айнан оқибатларни билади. Шунинг учун ҳам бемалол, дадил, ишонарли гапиради.
Солиқ қўмита раисига “қизим сенга айтаман, келиним сен эшит” қабилида ақл ўргатади, Тошкент ҳокимига энг катта телеминбардан тавсия беради ва бунинг учун ҳатто мақтов (табиийки, сизу биздан эмас) эшитишини ҳам билади (мақтовнинг сабаби бошқа асли — ҳар бир ўткир фикрдан сўнг хаёлингда: “Вуй*ля!”, деган чақмоқ чаққач, бошловчи кўринмас андаваси билан ўткир фикрни оҳиста, юмшатиб суваб кетади; юксак маҳорат — енгилмас куч!).
Бошловчи шу қадар ишонарли гапирадики (худди сен ҳақингда қайғураётгандек, дардларингни айтаётгандек), ҳатто энг ашаддий танқидчи ҳам: “Фикрларим профессионал пропагандачиники билан уйқаш келади деб ҳеч ўйламагандим”, деб бошлайди. Ана шунда профессионал пропаганда иш бера бошлаганини ҳис қиласан киши. Шундай — ҳар ишни эгасига, устасига топшириш лозимлиги ҳақидаги навбатдаги ибратли ҳикоя гувоҳига айланганимиз билан табриклайман.
Дарвоқе, агар адашмаётган бўлсам, бошловчи кўрсатув давомида бирор марта президентга нисбатан биринчи шахс кўпликда гапирмади (яъни, “президентимиз”, “давлатимиз раҳбари”, “юртбошимиз” демади). Билиб қўйган яхши, ўртоқлар — шунақа қилса ҳам бўларкан.
- https://twitter.com/the_bakiroo/status/1484943833687371788twitter.com
- https://daryo.uz/k/2021/01/24/hotamovlar-oilasi-shavkat-mirziyoyevning-kelishiga-tayyorgarlik-korgan-edi-lekin-prezident-uyga-poyabzalini-yechib-kirishini-ular-mutlaqo-kutmagandi/daryo.uz
- https://www.youtube.com/watch?v=hiG6ZeqsgKcyoutube.com