Инсон қадри индекси ўзимиз ўзимизга яратаётган муаммоларни ҳам акс эттирадими?
Кеча маълум бўлдики, глобал миқёсда ўлчов ҳисобланган Инсон тараққиёти индексига ҳамоҳанг бўлган миллий даражадаги Инсон қадри индекси жорий этилиши мумкин.
Бир қарашда ёмон фикр эмас, агар индекс таркибига 56 хил масала, демакки, кўп омиллар бўйича индекс ўлчанадиган бўлса.
Фақат гап шундаки, индексга ҳаётимизни оғирлаштираётган ёки инсон қадрини бир пул қилаётган муаммолар вазни қўшиладими? Қандай муаммолар дейсизми? Бу муаммолар ўтган даврдан қолмаган, шу, янги дейилаётган эпохада яралган. Санасак, анча-мунча чиқади.
Хориждаги иккита очкўз чўнтак учун халқни соғиш мақсадида яратилган UzIMEI балоси Инсон қадри индексини қандай яхшилайди?
Бир қарасанг чип тополмайдиган, бир қарасанг автомагнитола йўқлигини баҳона қиладиган, ойлаб контрактацияни тўхтатиб қўядиган Uzautomotors'нинг монопол мавқеи сақланиб қолаётгани Инсон қадри индексига қандай таъсир кўрсатади?
Ўнгга ва чапга тарқатилаётган солиқ имтиёзлари ва преференциялар, бойларни янада бой, камбағалларни янада камбағал қилишга хизмат қиладиган бюджет, авлодлардан авлодларга ўтадиган кучли табақаланишга ва абадий қашшоқликка йўл очаётган мактаб муаммоси Инсон қадри индексини яхшилайдими?
Маҳаллийлаштириш ниқоби остидаги антиэкономика, тобора авж олаётган протекционизм, секторлар бошқаруви, маҳаллабай бошқаруви ва Инсон қадри ўртасида қандай корреляция бор?
Коррупцияга қарши пастда кечаётган иллюзион кураш ва кўз юмилаётган манфаатлар тўқнашуви ва мансаб ваколатларини шахсий бойишда фойдаланиш келтириб чиқараётган элитар коррупция Инсон қадри ҳақида айтилаётган баландпарвоз гапларга ишончни ҳосил қиладими?
Рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Инсон қадри индекси нимага керак бўлаяпти ўзи? Халқ билан ришта, ўзаро ишонч камайгани учун эмасми? Ҳаётимиздаги реаллик тепагача етиб бормаётгани учунми? Ё тепада қабул қилинаётган қарорларнинг мавжуд реалликка алоқаси тобора пасайиб бораётгани учунми?
@the_bakiroo
- https://president.uz/uz/lists/view/4949president.uz