Ташқи Қарз: қасидабозлик ва рационаллик
Янги замонда политолог деб таништириладиган Қудратилла Рафиқовнинг “Бугун қарсаклар замони эмас!” мақоласидан кейин бошланган ташқи қарзга қасида, ҳамд ва наът тўқиш давом этмоқда. Расмий пропаганда платформаси ҳисобланган ЎзАда бу сафарги қасидабозлик пойгасида иккита вазир, иккита сенатор, депутат ва яна бир неча PhD соҳиблари иштирок этган.
"Кейинги пайтларда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бўйича ижтимоий тармоқларда урчиётган гаплар менга эриш туюлмоқда. Бу муҳокамаларнинг таг-замини пуч, асос йўқ, умуман, илмий нуқтаи назардан ёндашилмаган", дейди улардан бири.
Иқтисодиёт фанлари доктори, ЖИДУ профессори, Марказий банк бошқарувининг мустақил аъзоси Нишонбой Сирожиддинов эса бундай ёзмоқда:
"Давлат нима сабабдан четдан кредит олади? Одатда, бу давлат бюджети дефицити мавжудлиги билан боғлиқ. Агар давлат бюджети дефицити мавжуд бўлмаганида, халқаро кредитлар ва портфел инвестициялари кўринишидаги ташқи молиялаштиришни жалб қилишга зарурат туғилмаган бўларди".
"Бироқ, халқаро кредитлардан самарасиз фойдаланилган ҳолатда ташқи қарздорликнинг ўсиши салбий оқибатларга олиб келиши мумкин".
"Маълумки, давлат — энг самарали хўжалик юритувчиси эмас ва унинг ташқи қарзлардан самарасиз фойдаланиш эҳтимоли жуда юқори".