Кўчмас мулклар юқори сегментида нархлар ошиши учун қўшимча драйверлар пайдо бўлмоқда
Янги Фармонга кўра, чет эл фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси бўлмаса ҳам кўчмас мулк сотиб олиш имконияти тақдим этилади.
Демак, 1 майдан бошлаб, чет эл фуқаролари Тошкент вилояти, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 150 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 180 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган;
бошқа ҳудудларда – қурилиш даврида тузилган шартномаларга асосан қиймати 70 минг АҚШ доллари эквивалентидан, фойдаланишга қабул қилинган кўчмас мулк объектларида қиймати 85 минг АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган кўчмас мулк объектларини сотиб олишлари мумкин бўлади.
Қайси давлат фуқаролари мазкур қоидалар асосида кўчмас мулк сотиб олишлари мумкинлигини Ҳукумат белгилайди.
Илгари хорижий фуқаролар яшаш гувоҳномаси ҳуқуқи олиш шартларида кўчмас мулк сотиб олишлари мумкин бўлиб, бунинг учун белгиланган минимум суммалар анча юқори эди.
Тақдим этилаётган енгилликлар кўчмас мулк бозорида юқори нарх сегментида талабни қайта жонлантиради. Ўзбекистонликлар учун Тошкент шаҳри ва вилоятида исталган суммада кўчмас мулк олиш орқали очиқ прописка режими жорий этилгач, юқори нарх сегментида кўчмас мулклар учун талаб анча сусайган, қурувчи ва девелоперлар асосан қуйи ва ўрта сегментда уй-жой қуришга кўпроқ урғу беришни бошлаган эди. Масалан, тегишли ва айни бир манзилларда 1 хонали квартиралар учун 1 кв.м уй-жой нархлари 3 ва 4- хонали квартираларнинт 1 кв.м учун нархларидан 20-30%гача фарқланмоқда.
Шунингдек, аввалги йилларда Қирғизистонлик ва Тожикистонликлар, кейинги пайтда эса Россия, Беларусь ва Украинадан қочиб келаётганлар кўпинча Ўзбекистондаги қариндошлари номига уй олиш вариантини маъқул кўришарди. Янги талаблар норезидентларга сотиб олинаётган мулкларни ўз номларига расмийлаштиришга туртки бериши мумкин.
Тўкислик учун бошқа давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, хорижий давлат фуқароларининг Ўзбекистонда кўчмас мулклари бўлиши уларга осонлаштирилган ва узоқ муддатли ё кўп мартали виза бериш тизимини яратиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак.
- https://t.me/huquqiyaxborot/11490@huquqiyaxborot
- https://t.me/the_bakiroo/4432@the_bakiroo