Қайси давлат фуқаролари Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб ололади?
Ўзбекистон постсовет минтақасининг тинч соҳили ўлароқ, кейинги кунларда конфликт юз бераётган ҳудудлардан қатор ўрта ва юқори даромадли фуқаролар учун жуда жозибали макон бўлиб қолмоқда.
Тўғри, ҳозирча янги меҳмонлар Ўзбекистонни вақтинчалик бошпана ўлароқ кўришлари эҳтимоли юқори. Лекин айрим соҳалар вакиллари учун, масалан, IT соҳаси мутахассисларига Ўзбекистон иккинчи ватанга айланиши мумкин.
Янги режаларга кўра, IT компаниялар таъсисчилари ва ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар учун IT-Visa жорий этилиши мумкин. Мазкур виза эгалари Ўзбекистонга эркин кириб-чиқишлари, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз қолишлари, Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, виза эгаларига Ўзбекистонда яшаш учун рухсатномани соддалаштирилган тартибда, исталган қийматдаги турар жой кўчмас мулкини сотиб олишларига рухсат этилади.
IT-Visa эгаси бўлмаганлар-чи дейсизми? Улар ҳам кўчмас мулк сотиб олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиш ҳуқуқига эгалар.
Масалан, шартли украиналик ёки беларуслик:
Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида — 400 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
Самарқанд, Бухоро, Наманган, Андижон, Фарғона ва Хоразм вилоятларида — 200 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда;
Қорақалпоғистон Республикаси ва республиканинг бошқа вилоятларида — 100 000 АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда кўчмас мулкни сотиб олиши ва Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини олиши мумкин.
Масалан, ҳурматли хорижлик меҳмонларимиз Сирдарёнинг Гулистон ё Бахт шаҳридан 100 минг долларлик уй олса, қарабсизки Ўзбекистон уларнинг 2- уйига айланади.
Бундай ҳуқуққа дунёнинг 111 мамлакати фуқаролари эга (улар орасида Афғонистон ёки Сурия кабилар йўқ).