Халқаро валюта жамғармаси миссияси якуний баёнотини эълон қилди
2022 йил 31 мартдан 13 апрелга қадар Тошкентда бўлган Рон ван Руден бошчилигидаги Халқаро валюта жамғармаси миссияси Ўзбекистон томони билан маслаҳатлашувлардан сўнг ўзининг якуний баёнотини очиқлади.
Баёнот тезисларида, хусусан, Ўзбекистон пандемия даврини нисбатан енгил ўтказгани, лекин пандемиянинг ўткир фазасидан чиқибоқ Украинадаги уруш ва Россияга қарши санкциялар билан боғлиқ янги ноаниқликларга дуч келгани айтилади. Иқтисодий ўсишнинг 3-4%гача пасайиши, савдо баланси дефицитининг 9,5%га, инфляциянинг 12%гача юқорилаши фонида миссия ўз прогнозларини юқори ноаниқликларга боғлиқ пасайтирувчи рисклар билан изоҳлаган. Харажатлардаги урғуларни ўзгариши ва инвестицион режаларнинг қайта баҳолаш ҳисобига бюджет дефицитини 4% даражасида сақлаб қолиш мумкин, деб ҳисобланилмоқда.
Пул-кредит сиёсати олдида инфляцияга қарши кураш ва иқтисодиётни тикланишини қувватлаш мувозанатини таъминлашдек мураккаб вазифа тургани қайд этилгвн. Айирбошлаш курсининг эгилувчанлиги ташқи шокларни юмшатиши, қисқа муддатли тебранишларни силлиқлаши таъкидланган.
Ишчи ўринларни яратишда аввало хусусий секторга таяниш лозимлиги, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини жиддий пасайтириш, энергетика соҳасида ислоҳотларни давом эттириш, хусусан, ижтимоий қатламлар ҳимоясини таъминлаган ҳолда тарифларни босқичма-босқич бозор даражасига олиб чиқиш масалаларига тўхтатиб ўтилган.
Шунингдек, миссия сон-саноқсиз фармонлар чиқаришдан мустаҳкам, бозорга мослашадиган қонунчилик базаси яратиш, бизнес юритишда узвийликни ошириш орқали тартибга солиш ва инвестицияларни рағбатлантиришга ёрдам бериш йўли маъқулроқлигини қайд этган.