18K53Telegramda ochish
Европа газ дефицитини нима билан тўлдирмоқчи? Уруш бошлангунча Европа газ истеъмолининг 40%и Россия трубалари ҳисобига тўғри келган. 2022 йил июнь ҳолатига Россияга боғлиқлик улуши 20%гача пасайган. Йилига 55-60 млрд.куб газ етказиб бериш мумкин бўлган "Шимолий оқим"нинг узилиши боғлиқликни янада тезроқ пасайтиради. Хўш, Европа узилиш ва дефицит ўрнини нима билан қопламоқчи? Биринчи навбатда суюлтирилган газ бозори ва мавжуд имкониятларни қайта тақсимлаш ҳисобига. Суюлтирилган газ денгизга чиқиш имконияти мавжуд ҳар бир Европа давлати учун энг асосий манбага айланади (Чехия, Венгрия истисно). Ҳисоб-китобларга кўра, айнан суюлтирилган газдан фойдаланиш шаклланаётган дефицитнинг камида ярмини қоплайди. Иккинчи манба бу трубалар орқали муқобил газ етказиб бериш имконияларининг ишга солиниши. Масалан, Озарбойжон Европага Транс-Анадолу (TANAP) ва Транс-Адриатик (TAP) газ қувурлари орқали газ етказиб бериш ҳажмини икки баробарга ошириши мумкин (+26 млрд.куб). Учинчи манба бу яшил энергетикага ўтишни янада жадаллаштириш ҳисобланади. Мақсадли ориентирга кўра 2030 йилга келиб Иттифоқнинг энергобалансида 45% энергия қайта тикланадиган воситалар ҳисобига бўлиши керак. ХВЖ ҳисобларига кўра, Россия манбасига боғлиқликнинг 70%ини суюлтирилган газ ва муқобил манбалар, хусусан яшил энергия ҳисобидан қоплаш мумкин. Айтишингиз мумкин, бу ҳаммаси режалар ва истиқболда рўй беради деб. Ҳа, шундай. Унгача етгунча энергобаланс таъминлашнинг асосий унсури тежаш сиёсати бўлади. Европа давлатлари ҳозирданоқ тежаш режимига ўтишган. 2023 йил апрелгача газ истеъмолини 15%га қисқартириш ориентирларига шу йилнинг ўзидаёқ ойма-ой қирқимда эришилиши мумкин. Дарвоқе, Украинага ҳужум Европа иттифоқининг атом энергетикаси бўйича қараш ва принципларини ҳам ўзгартирмоқда. Германия АЭСларни ёпишни кейинроққа қолдиришни ўйлаб кўраётган бўлса, Венгрияда жамоатчилик Украинадаги АЭСларда ядро террори ва шантажи билан шуғулланаётган Россияга АЭС қуришни ишониб бўладими деган саволни бермоқда. Шу саволни биз ҳам ўзимизга беришимиз керак: Ўзбекистонда Россия қурмоқчи бўлаётган ва бизга барча сиёсий, молиявий ва бошқа каналлар орқали тиқиштирилаётган АЭС эртага шантаж ва ядро террори воситасига айланиб қолмайдими?

Ko‘rsatkichda

Xaritada ko‘rish

Arxivda shunga yaqin