Ёпилаётган Ўзбекистоннинг ёпиқ тарзда қабул қилинган маҳаллий бюджетлари
2023 йил бўйича маҳаллий бюджетлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани йўқ.
Тошкент шаҳри, вилоятлар, Қорақалпоғистон бюджетлари, барча туманларнинг бюджетлари жамоатчилик кўзидан ёпиқ ва тезкор тарзда ё 2022 йилнинг энг охирги кунида ёки 2023 йилга ўтиб қабул қилинди.
Вилоят ва туманлар Маҳаллий бюджетларининг лойиҳалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали ташкил этилган 2019 йилдан буён эълон қилиб келинарди. 2022 йил охирида ушбу анъанага чек қўйилди. Балки доимийга буткул узилди.
Муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим эди. Лекин 2022 йилда ушбу талабларга "Қоида тариқасида" деган ҳар қандай ёлғончиликни оқлайдиган ниқоб қўшиб олишди.
Демак, ҳеч ким сайламаган ҳокимлар маҳаллий бюджет лойиҳаларини эълон қилмаслик учун айнан мана шу ниқобдан навбатдаги марта унумли фойдаланишган.
Мамлакат 2016 йилда қаердан чиқиб келган бўлса, жуда катта тезлик билан ўша жойга бошқатдан яқинлашмоқда.
P.S. Туман ҳудудлардан Андижон шаҳар, вилоят ҳудудлардан Сирдарё вилояти лойиҳасини қўйган экан. Муҳокамалар 4 январгача белгиланган, лекин тегишли тарзда 2022 йилнинг 31 декабрь ва 30 декабрь саналарида тасдиқланиб юборилган.
@the_bakiroo