Ўзбекистонда Бюджет тақчиллиги? Йўқ, буни ҳокимлар эшитмаган
Кўп бора такрорлаб келаётганимиздек, ҳеч ким сайламаган ҳокимлар ихтиёрига бюджетни мустақил тақсимлаш имконияти берилгани амалда маҳаллий муаммоларни камайтириш учун эмас, ҳокимлар ва уларнинг атрофидагиларнинг тузилмалари учун бюджет маблағларини ўзлаштириш имконини берди холос.
Уларнинг мақсади битта: бюджет борми, ўзлаштириш керак. Лойиҳа йўқ бўлса, уни дарров ўйлаб топиш керак.
Реновация баҳонасида Ҳамид Олимжон майдонидаги «Москва» уйлари номи билан машҳур бўлган кўп қаватли уйларнинг "башарасини бузиш" лойиҳаси ҳам шу тоифадан. Яқин чўнтаклар иштирокида бюджет пулини ўзлаштириш учун ўйлаб топилган лойиҳа.
Нима Тошкентда фасадни бузишдан бошқа муаммо қолмадими? Ер усти йўлларига лифт ва эскалаторлар ўрнатиб чиқилдими? Пиёдалар ўтиш йўлларда светофорлар муммоси йўқми? Юқори қаватларга сув насоссиз чиқа бошладими?
Олдинроқ авариявий деб топилган уйлар қайтадан қуриб бўлиндими?
Сизларнинг қўлингиз теккан жой вайронага айланишини яна неча марта кўришимиз керак.
Хабарингиз борми, Ўзбекистон бюджети 7%лик дефицитга қараб кетаётганидан? Яна отнинг калласидек фоизда қарз олаётганимиздан? Захираларимиз эриб тугаётганидан? Жуда муҳим ижтимоий лойиҳалар тўхтатиб турилганидан? Сизларнинг ҳеч бир Ўзбекистонликка фойдангиз тегмайди, шу оғир кунларда ҳеч бўлмаса, зарарингиз тегмасин.
Шу ўринда ҳукуматимиз ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эътиборини маҳаллий бюджетларда ортиқча солиқ тушумларидан йиғилган ва ҳокимлар томонидан чайилаётган пулларга қаратмоқчиман. Шу пуллар тийинигача Республика бюджетига тортиб олиниши керак. Бу Ўзбекистонликларнинг пуллари, ҳеч ким сайламаган ҳокимлар ва уларнинг шотир чўнтакларининг пуллари эмас!