Миллий валюта масаласида Ўзбекистон олдиндан огоҳлантирилгани ҳақида
Россиянинг ўз ваъдаларини бажармаслиги, унинг тушунарсиз монетар сиёсатидан чарчаган Қозоғистон 1993 йил кузида ўз миллий валютасини муомалага киритади. Назарбоев ушбу жараён ҳақида эсларкан, совет ё Россия рубллари ўрнига миллий танга (тенге)ларнинг қачондан муомалага киритилиши ҳақида Қозоғистон халқидан олдинроқ қўшни мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистон огоҳлантирилганини алоҳида қайд этган.
«Қозоғистон ўз валютасини муомалага киритаётгани ҳақида қўшниларини очиқчасига огоҳлантирган эди. Огоҳлантирилган мамлакатларнинг биринчиси Ўзбекистон эди. Қўшни республика ҳам рубль зонасида худди бизники каби муаммоларга тўқнаш келаётган, боз устига у биз билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларга эга муҳим ҳамкоримиз ҳам эди. Мен президент Ислом Каримов билан, бир-биримизга зиён етказмаслик учун, миллий валюталаримизни бир кунда, бир вақтда муомалага киритиш ҳақида олдиндан келишиб олгандим. Шундай қилдик ҳам. Ўзбекистон ҳам 1993 йил 15 ноябрь куни ўз сўмини муомалага киритди».
Нурсултон Назарбоевнинг «Менинг умрим. Қарамликдан эркинликка» китобидан.
«Газета.uz» таржимаси.
P S. Маълумот учун, ўша алғов далғов вақтда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро биргаликдаги умумий валютасини жорий қилиш режалари ҳам ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Президент Ислом Каримов 1993 йил ноябрь бошида Олий Кенгаш сессиясида ҳам тўхталганди. Бир кун келиб бу ҳақдаги хотиралар ҳам очиқланса керак.