Ақлли овоз беринг, овозингизни сотманг
Ташаббусли бюджетнинг навбатдаги мавсумида "бир фуқаро — бир овоз" принципига ўтилганлиги ҳар бир овознинг қадрини каррасига оширди. Эътибор беринг, нархини демаяпман. Чунки фақат сотиладиган нимарсанинг нархи бўлади. Қадриятлар эса сотилмайди.
Бу йил танлов қилиш ҳар сафаргидан қийин, масалан, иккита сим картангиз бўлса, бирини туғилган жойингиз. иккинчисини яшаётган жойингиз учун ишлата олмайсиз. Шунинг учун ақлли овоз беришга тўғри келади. Бу нима дегани?
Биринчидан, бу энг муҳими, бераётган овозингиз наф беришига кўзингиз етсин. Аллақачон 5 минг овоз йиғиб қўйган уддабуронларнинг лойиҳаси, албатта, ўтади, лекин 3 кунда 100 та овоз йиға олмаган ёки кучли 10-15талик ичига кира олмаган лойиҳага берган овозингиз, афсуски, беҳуда бўлиб қолиши мумкин.
Иккинчидан, сиз учун таълимдаги муаммолар оғриқли бўлса, таълимдаги лойиҳалар орасидан танланг. Балки соғлиқни сақлаш, балки йўллар, балки сув муаммоси сизни кўпроқ қийнар. Устуворликни ўзингиз учун аниқлаб олинг.
Учинчидан, маҳаллангизда, туманингизда муаммолардан кўра бошқа ҳудудларнинг муаммолари чуқурроқ, деб ҳисоблаётган бўлсангиз, овоз учун улар орасидан лойиҳа танланг. Сиз сизга мутлақо нотаниш ё узоқ ҳудудлардаги одамларнинг лойиҳаси учун овоз берганингизнинг афзаллиги ва мазмун-моҳияти ватандошлик қадриятини мустаҳкамлайди.
Танлов жуда қийин бўлгани учун кеча твиттерда ўзим учун сўров ўтказгандим. Юқоридаги ўлчовларга таяниб, Марҳамат тумани, Чилонзор тумани, Тошкент тумани ва Шуманай туманидан ўзим учун биттадан лойиҳа ажратиб олдим.
Твиттерчиларнинг кўпчилик овозларига кўра, Марҳамат тумани Қорақўрғон қишлоғидаги 27- мактабни таъмирлаш билан боғлиқ лойиҳага овоз бердим. Мазкур мактаб қўшни қишлоқда, катта авлод ҳали қишлоғимизда 10 йиллик мактаб бўлмаганида шу мактабга қатнаган, дадам қачонлардир шу мактабда дарс берган. Агар ғолиб бўлса, мактабда таъмирлаш ишлари қаторида футбол стадиони, ҳожатхона қурилади. Компьютер синфи ташкил этилади. Мактаб томига қуёш панеллари ўрнатилади (свет кўп ўчади).
Марҳамат туманида ушбу мавсум учун 17,1 млрд.сўм пул ажратилган. Бу дегани 12-14 та лойиҳа ғолиб бўлиши мумкин. Мен овоз берган лойиҳа ҳозирча 14-ўринда.
Сиз ҳам, агарда қадриятларингизга яқин бўлса, Марҳаматдаги 27-мактабга овоз беринг.