Мўйноқдан Сўхгача кичик аэропортлар ўзини оқламоқдами?
Uzbekistan Airports ёзда Сариосиё аэропорти, йил охиригача эса Зарафшон аэропорти очиб ишга туширмоқчи. Бу яхши хабар.
Лекин кичик аэропортлар қайта таъмирланиб ишга туширилиши иқтисодий самарали бўлиши керак. Сариосиё ва Зарафшон аэропортлари таъмири учун қанча маблағ ажратилганини билмайман. Лекин сарфланган капитал маблағлар қанча муддатда ва қатновларнинг қанақа режимида қайтиши энг асосий масала бўлиши керак. Бўлмаса, бу ишлар кичик аэропортларни қиммат таъмирлаб, пул ўзлаштиришдан бошқа иш эмас.
Масалан, 5 йил аввал 300 млрд.сўм (35 млн.доллар) совурилиб очилган Мўйноқ аэропортига самолет учаётгани йўқ. Ваҳоланки, аэропорт қурилиши пайтида нафақат Тошкент, Нукус ва Урганчга, Қозоғистон, Россия ва Туркия давлатларига рейслар ташкил этилиши ваъда қилинганди.
Худди шунақа Сўх аэропорти очилганидан бери ОАВга кўз-кўз қилингач, нечта авиарейс амалга ошди, ҳеч ким билмайди.
Ҳар бирига бир неча юз миллиард сарфланган Шаҳрисабз аэропортидан ҳафтасига 2 та, туристларни жалб қилиш учун халқаро аэропорт бўлади дейилган Қўқон ва Зомин аэропортларидан кунига биттагина рейс бор. Шу кўз кўрдига мавжуд саноқли рейслар аэропортларнинг ҳеч қурса, электр энергияси харажатини қоплаяптими?
Аэропорт қурилдими, максимум имкониятларида ишлаши керак-да!
Чиптаси нархи ўзи энг қиммат ҳавошканикидан қиммат бўлган Silk Avia маҳаллий қатновлар учун кифоями? Ўзи маҳаллий авиақатновлар бўйича стратегия борми, бор бўлса, қанақа?
Улкан маҳаллий авиа қатновлар бозорида қачондир рақобат пайдо бўладими, бозорга хорижий авиакомпаниялар киритиладими? Ё даққи юнусдан қолган усулларда пул ўзлаштириш давом этаверадими?