Нега тунги "Афросиёб" рейслари йўқ?
Давлат раҳбари темир йўл ва авиа қатновлар сони ва сифати талаб даражасида эмаслиги қайд этиб:
- водий вилоятларидан Тошкент, Нукус, Бухоро, Урганч шаҳарларига ҳар куни авиарейсларни йўлга қўйиш;
- вилоят марказларидан Тошкент, Нукус, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларига авиа ва темир йўл қатновларини 2 баравар кўпайтириш топшириқларини бермоқда.
Мен билмайман, бу топшириқлар қай даражада бажарилади ва бу имконлими?
Чунки вилоят марказларини Тошкентни четлаб ўтиб ўзаро транспорт алоқасини таъминлаш каби топшириқлар илгари ҳам берилган, бир муддат ўтиб кўз кўрдига бажарилгандек иш тутилган. Кейин унутилган.
Узоққа бормайлик. Мўйноқ аэропорти қанча дабдаба ва асъаса билан очилганига бир йилдан ошди. Шу вақт мобайнида Мўйноқдан нечта авиарейс амалга оширилди? Узоқ эмас, 90- йиллардаям Мўйноқдан деярли ҳар куни авиарейс бўлган. Мўйноқни қўйинг, Нукусга билет топиш доимий муаммо.
Ёки бўлмасам, чиптаси доимий дефицит бўлган "Афросиёб" поездларини олайлик. Поездлар тунги соат 8дан тонги 6га қадар Тошкент вокзалига қантариб қўйилади. Нима ҳалақит қилади тунги Афросиёб поездлари ҳаракатини йўлга қўйишга? Тундан тонгача Самарқанд ва Қаршига икки мартадан, Бухорога яна бир марта бориш ва келиш рейслари амалга оширса бўладими? Муаммо нимада? Хоҳиш йўқлигидами?
Шахсан мен Ўзбекистон ҳаво йўллари ички авиарейсларни тиклашига ва оширишига ишонмайман. Чунки бунга ресурслари ҳам, хоҳиши ҳам йўқ (монополистда хоҳиш нима қилсин, унда ҳатто самолет ҳавода бўлиши ва ерда турмаслиги деган KPI ҳам йўқ). Бозорга, нафақат ташқи рейслар бўйича, ички рейсларга ҳам рақобатчи компанияларни киритиш керак.
Очиқ осмонми? Очиқ осмон. Исталган компания кирсин. Талаблар барча учун бир ва очиқ бўлсин. Истасин Андижондан Қаршига, истасин Фарғонадан Навоийга рейс ташкил этсин. Истасин лоу-кост шартларида, истасин талаб бўлса бизнес джет тоифасида.