Мис божи Ўзбекистонга таъсир этадими?
Трамп маъмурияти АҚШга импорт қилинадиган мисга нисбатан 50%лик бож солди (қачон кучга кириши ҳозирча номаълум).
Ўзи мисга нисбатан бож киритилиши кутилмалари ўтган ҳафтанинг ўзида нархларни осмонга кўтарган ва февралда буён биринчи марта мис котировкалари тоннасига 10 000 доллардан ошиб кетганди. Трампнинг қарори эълон қилингандан бир неча соат ўтиб, мис нархлари яна 9 600 долларгача тушиб кетган.
Ўзбекистон дунёдаги мис ишлаб чиқарувчи энг йирик давлатларнинг йигирматалигига киради. Мамлакатимиз йилига 150 минг тонна атрофида мис ишлаб чиқаради, шунинг қарийб 100 минг тоннаси экспорт қилинади. Товарлар қирқимида мис Ўзбекистоннинг олтиндан кейинги иккинчи экспорт товари ҳисобланади.
Қиймати каррасига ошиб бораётган ва ишга туширилиши бир неча бор кечикаётган Ёшлик-1 конидаги лойиҳа қачондир ишлаб кетса, мис ишлаб чиқариш 400 минг тоннагача етиши мумкин.
Трамп божи Ўзбекистонга бевосита таъсир кўрсатмайди (асосий экспорт бозоримиз Туркия ва Хитой), АҚШга экспортимиз мавжуд бўлсада, катта ва салмоқли эмас. Лекин инобатга олиш керакки, Трамп киритган божлар экспорт бозорларининг қайта тақсимланишига сабаб бўлиши аниқ, хусусан АҚШ бозорига мўлжалланган мис, айтайлик Хитойга қараб қайта йўналтирилади ва бу ўрта истиқболда нархларга салбий таъсир ўтказиши мумкин (ўзи ҳар қандай божлар хом-ашёга нисбатан ялпи талабни камайтиради).