Сюрприз дегани нимайкин? Техник регламент юмшатиладими ёки қаттиқлаштирилади?
Ходжаев протоколида ёзилишича, автотранспорт воситалари мувофиқлигини тартибга соладиган Техник регламентга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. 2017 йилда тасдиқланган Техник регламент (ҳужжатнинг фақат русчаси бор, балки янгисини ўзбекча гапирганда томоғи оғримайдиганлар ва ўзбекистонликларни яхши кўрадиганлар ёзса, ўзбекча чиқиб қолар) афсуски, амалда тўғридан тўғри ишлайдиган ҳужжат эмас. Регламентга исталган пайт протокол билан дарча очишади, исталган пайт дарчани ёпишади (чайқовчи монополистларнинг иштаҳасига қараб).
Люстрация қилиниши керак бўлган агентлик ўзлари тан олиб, ёзиб туришипти: автотранспорт воситаларини маъқуллашда 62та талаб кўрсаткичидан 25таси бўйича синов имконияти бор холос. Қойиллатиб синов ўтказа олинмас экан, нима керак эди мажбурий кўрсаткич киритиб, солиқ тўловчиларнинг пулини совуриб, сарсон қилиб? Ривожланган давлатлар ўтказган барча синовлар тан олинса, бўлди эмасмиди. 37таси тан олинган, қолганиниям тан олса бўлармиди? Биздан 5-20 карра бой Хитой, Корея, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Япония синовлари UzTest деган чўнтак аждарҳонинг соққа-синовларидан мукаммалроқми, сифатлироқми?
Шундай экан, янги Регламент шаклан эмас, моҳиятан истеъмолчи фойдасига ва рақобатни рағбатлантиришни кўзлаган ҳолда ўзгартирилиши ва у тўғридан-тўғри ишлайдиган ҳужжатга айланиши керак.
Биринчидан, ўз эҳтиёжлари учун янги автотранспорт воситалари импорт қиладиган жисмоний ва юридик шахслар учун мувофиқликни баҳолаш жараёни кескин қисқариши ва юмшатилиши зарур. Бу транспорт воситаларининг сифати, хавфсизлиги ва мувофиқлиги ўша истеъмолчининг ўзи қабул қилган хатари ва масъулияти бўлиши керак.
Иккинчидан, дилерларми ё ишлаб чиқарувчининг сервис марказларими, сотиш учун олиб кирилаётган автотранспорт воситаларининг мувофиқлигини баҳолаш талаблари (турини маъқуллаш) вақт ва пулда арзонлашиши лозим. Токи дилернинг транзакцион харажатлари (вақт, коррупцион ва расмий тўловлар) истеъмолчининг бўйнига илинмасин.
Учинчидан ва энг асосийси, мувофиқликни баҳолаш билан рақобатли хусусий сектор шуғулланиши керак. Техник тартибга солиш агентлиги шўъбаси бўлган Тошкентдаги ягона UzTest эмас. Аҳолси 5 карра кичик Қирғизистонда ҚирғизТестдан ташқари аккредитациядан ўтган 17та хусусий марказ бор ва улар фақат Бишкекда эмас. Қорақалпоқ ё Сурхондан, Андижон ё Бухородан Тошкентга монополист чўнтакда мувофиқликни баҳолаш синовлари учун келиш бу абсурд.
- https://lex.uz/uz/docs/3180902lex.uz
- https://t.me/the_bakiroo/9163@the_bakiroo