Эски замон нуқси: қийшиқ ва зарарли қарор қабул қилинади ва уни йиллар давомида "такомиллаштиришаверади"
Масалан, 1996-97 йилларда Ўзбекистонни учинчи дунё давлатига айлантирган конвертация тақиқлари ортидан нақд пул билан боғлиқ чекловлар киритилган. Нақд пул чекловлари тор доираларга хизмат қилувчи бутун бошли нақдлаштириш бизнеси (обналичка 20-25%гача етган) саноатини яратган. Токи 2017 йилгача, нақд пул билан боғлиқ бузуқ чекловлар таг-томири билан бекор қилинмагунча, бу тизим "такомиллаштирилаверган", ҳар йили нақд пулни тақсимлаш бўйича "янада такомиллаштириш" қабилидаги қарор ва фармон чиқарилаверган (1, 2, 3...).
Кейинги йилларда тор доиралар манфаатлари учун қабул қилинаётган, лекин бутун Ўзбекистон истеъмолчиларига, бизнесига ва умуман иқтисодиётимизга зарар етказаётган қарорлар кўпайиб бораётгани ўша эски замон кулфатларидан тўғри ва етарли хулоса олмаганимиздан деб биламан. Тор гуруҳларнинг яна миллий манфаатлардан устун келаётганинининг яққол ишоралари эса тобора кўпайиб бормоқда.
Зараркунанда "2-3 кун қонуни" билан жисмоний шахслар учун товарларни божсиз олиб кириш нормалари 2 карра (2 минг доллардан 1 минг долларгача), халқаро курьерлик жўнатмалари орқали етказиб бериладиган товарлар учун лимит 5 карра (1 минг доллардан 200 долларгача) қисқартирдик, лимит ва нормадан ортиқ ҳажм учун 30%лик бож солина бошлади.
Қийшиқ қоидалар борми, энди қийшиқ қоидаларни ишлатиш учун қийшиқ ва товонини яна солиқ тўловчилар тўлайдиган қиммат маъмурчилик керак.
Iphone 17 русумидаги мобил қурилма олиб кирилганда, унинг божхона қиймати агар харид чеки, квитанцияси ва (ёки) бошқа тижорат ҳужжатлари мавжуд бўлмаса қўлланилаётган қимматлаштирилган бож қиймати шу йўлдаги қадамлардан бири. Яъни, ўзи бузуқ ва зараркунанда тизимни янада "такомиллаштирмоқдамиз". Бунинг учун бутун бошли бошқарма ва бўлимлар тузилган бўлса ҳайрон бўлмайман, бож жараёни ва божхоначининг юкламаси кўпайиб солиқ тўловчиларга юкланадиган қўшимча харажати ҳақида умуман гапирилмайди.
Хуллас бу бож, нормадан ортиғига 30% эмас, амалда 56%гача етади, мабодо тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса (ойда, йилда бир ватанга қайтадиган Лондон, Техас ва Мюнхендаги юртдошларимизда кўпинча тасдиқловчи ҳужжат бўлмайди). Чунки масалан Iphone 17 pro max қиймати, ишлаб чиқарувчи нархида 1999 доллар эмас, Хитойдаги 2 528 доллар нарх ҳисобида урилади. Яъни шартли ватандош 999 долларлик ортиқча нормадан эмас (30 доллар +103 минг сўм), 1 528 долларлик ортиқча нормадан бож тўлайди (458 доллар +103 минг сўм).
Давом этаверинглар, бу маъмурчилик "такомиллаштирилиши" охиргиси бўлмайди.