"Ўзбекистонда ўртача авиачипта нархи тахминан 25 иш кунига тенг келади"
Boston Consulting Group бошқарувчи директори Суреш Субуди Европа — Осиё йўлагида авиация ҳабига айланиш салоҳиятига эга бўлган Ўзбекистон имкониятлари ҳақидаги мулоҳазаларини Газета билан бўлишган. Субуди келтирган рақамлар, Ўзбекистонда авиацияга бўлган талаб иқтисодиётдан тезроқ ўсаётганига қарамай (бунинг асосий сабаби жуда паст база), осмонимиз ёпиқлиги ва рақобат билан боғлиқ муаммолар жиддий қолаётганини кўрсатади.
Хусусан, Субудига кўра, Ўзбекистонда ўртача авиачипта нархи тахминан 25 иш кунига тенг келади. Таққослаш учун, бу кўрсаткич Қозоғистонда — тахминан 4 иш кунини, ривожланган иқтисодиётларда эса тахминан 1 иш кунини ташкил этади. Маълумот учун, Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 6,8 млн.сўмни ташкил этади. Қозоғистонда эса 461 486 тенге (тахминан 11,5 млн.сўм). Кўраяпсизки, муаммо фақат паст иш ҳақида эмас, ўта қиммат чипталарда (яъни рақобат йўқлиги ва осмоннинг ёпиқлигида). Шу ўринда ўзимиздан яна бир рақам. Қозоғистонда жон бошига парвоз йилига ўртача 1,5 марта, Қирғизистонда йилига 1 марта, Ўзбекистонда эса эса йилига 0,4 марта. Нақадар учмаслигимизни тасаввур қилаверинг.
Яна бир рақам: Ўзбекистон авиаташувларида транзит қатновлари улуши атиги 3 фоизни ташкил этган. Истанбул ва Дубайда бу кўрсаткич 40-70 фоиз атрофида. Нима учун Евроосиёнинг қооқ ўртасида турган Ўзбекистон транзит имкониятларини рўёбга чиқара олмайди? Муаммо фақат инфратузилма ва қувватлардами? Йўқ. Асосий муаммо тор олигархия манфаатлари учун каррасига қимматлаштирилган авиаёқилғида.
Навбатдаги рақам: Марказий Осиёдаги мавжуд ўриндиқларнинг атиги 4 фоизи минтақа ичидаги йўналишлар ҳиссасига тўғри келади. Яъни, эксперт айтмоқдаки, Марказий Осиё ўртасида ўзаро қатнов йўқ ҳисоби (маҳаллий қатновлар аҳволи Ўзбекистон мисолида бундан-да оғирроқ). Субудининг таъкидлашича, бундай алоқаларни ривожлантирмасдан туриб, минтақанинг бир нечта мамлакати бўйлаб тўлақонли сайёҳлик йўналишини шакллантириш қийин.
- https://www.gazeta.uz/uz/2026/06/19/aviation-hub-uzbekistan/gazeta.uz
- https://t.me/the_bakiroo/10738@the_bakiroo
- https://t.me/the_bakiroo/12377@the_bakiroo