Тошкентнинг “ёпиқ осмони” миллий авиаташувчини ҳимоя қиладими ё чўнтакларни ҳамми?
Incheon International Airport Corporation бизнесни ривожлантириш бўйича директори Ли Сан Ён ёпиқ осмон келтираётган зарарлар ва оқибатлар ҳақида мулоҳазалари билан Газета орқали бўлишган.
Ли Сан Ёнга кўра, миллий флагман авиаташувчини ҳимоя қилиш ва ўтказувчанлик қобилиятидаги чекловларни бошқариш учун Тошкент истисно бўлиб қолмоқда. Бу истисно миллий ташувчини тўғридан-тўғри рақобатдан ҳимоя қилади. Аммо айни пайтда у бошқа авиакомпаниялар иштироки ҳисобига авиаташувлар ўсишини жиловлаб турибди.
Топ менежер тақдимотида Тошкентда «очиқ осмон» режимининг кечиктириб жорий этилиши хорижий лоукостерлар (арзон авиакомпаниялар) иштирокини чеклаши, жорий модель эса авиапарвозлар юқори нархини сақлаб қолиши ва бозорни рағбатлантиришга тўсқинлик қилиши кўрсатилган.
Ли Сан Ённинг сўзларига кўра, инвесторлар учун ҳукуматнинг авиация бозорини либераллаштириш бўйича босқичма-босқич йўл харитасини амалга ошираётганига оид мажбурий тасдиқ зарур.
«Ҳозир биз янги Тошкент аэропорти қурилиши устида ишлаяпмиз ва, ўйлайманки, Тошкент аэропорти учун „очиқ осмон“ концепциясига босқичма-босқич ёндашувни ишлаб чиқиш вақти келди», — деган у.
Тошкент аэропорти трафигининг ярмидан кўпи (52%) миллий авиаташувчи ҳиссасига тўғри келиши қайд этилган. Бир ўйинчига бундай қарамлик ягона авиакомпанияга ҳаддан ташқари боғланиб қолиш хавфини яратади.
Шу билан бирга, хусусий авиация сектори заифлигича қолмоқда. Тақдимотда қайд этилишича, бозорнинг янги иштирокчилари орасидаги сўнгги банкротлик ҳолатлари хусусий авиация экотизимининг беқарор ва мўрт эканини кўрсатмоқда (бизга танлов дея кўрсатилаётган чўнтак авиакомпаниялар ҳақида гап кетмоқда).
Жаноб Ли Ўзбекистон ҳудудий аэропортларда «open sky» («очиқ осмон») режимини жорий этганини эслатган (лекин бу режим фақат пандемия пайти мажбурликдан эълон қилингани ва амалда, масалан Қозоғистондаги каби ишламаганини айтмаса бўлмайди).