Урганч-Хива пулли йўлининг нархи 25% ошиб, 150 млн.долларга етган
Давлат солиқ тўловчилар ҳисобига пулли йўл қурмаслиги керак. Афсуски, бундай рационал мезонлар Конституцион процедураларга амал қилинмай қабул қилинган “Автомобиль йўллари тўғрисида"ги қонуннинг янги таҳририда акс этгани йўқ.
Давлат буюртмачи, давлат қурувчи, давлат молиялаштирувчи бўлган пулли йўлнинг оқибатларини кўриш учун кўп кетмади: Ўзбекистондаги биринчи пулли автомобиль йўли — Урганч — Хива йўли қурилишининг қиймати 120 миллион доллардан 150 миллион долларгача ошди. Табиийки, шиширилган фарқни яна солиқ тўловчилар тўлайди (ё тарифлар ё солиқлар билан). Агар йўлни хусусий ҳамкор ўзининг масъулияти ва хатари билан қурганда эди, қмймат ошган тақдирда ҳам оқибатлар унинг зиммасида бўларди.
Газета’нинг ёзишича, Лойиҳа бошида хабар қилинган чет эллик ҳамкор ким эканлиги ҳақидаги саволга масъул идора вакиллари лойиҳа бўйича хорижий ҳамкор ҳали ҳануз аниқланаётганини қайд этишган.
Ажойиб-а? Давлат солиқ тўловчилар ҳисобидан пулли йўл қуриб, энди хорижий ҳамкор изланаяпти. Ҳамкор ўроқда йўқ, машоқда йўқ, лекин тайёр пулли йўлни бошқарувга олиб, пул санашни билса бўлди. Балки Дубайда, балки Кипрда, балки Сингапур ё Гонконгда ўтган ой рўйхатдан ўтказилган садоқатли чўнтаклар топилиб қолар.