Антимонополиянинг Транспорт вазирлигига берган кўрсатмалари нега бажарилмаяпти?
Рақобат қўмитаси "Centrum Air" ва бошқа авиакомпаниялар хизматларидан норозилиги бўйича 270 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, амалдаги қоидаларга парвозларни амалга ошираётган авиакомпания айби билан белгиланган жадвалдан кечиктириб учиши ва/ёки белгиланган манзилга кечиктириб элтиб қўйганлиги учун, йўловчига пуллик компенсация миқдорини белгилаш ва тўлаш тартибини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш чораларини кўриш юзасидан Транспорт вазирлигига бир неча бор кўрсатмалар берганини қайд этмоқда.
Хўп, бу кўрсатмаларни Транспорт вазирлиги нега қоидаларга қўшмаяпти? Кўрга ҳасса қилиб ёзилган, бутун эркин дунё ва очиқ бозор амалиётида мавжуд бўлган истеъмолчи манфаати ва ҳуқуқини таъминлаш учун нима қилиш лозимлигини эътироф этилган кўрсатмаларни қоидаларга киритиш шунчалар мушкулми?
Ҳа, мушкул. Чунки Транспорт вазирлиги учун истеъмолчи умуман муҳиммас, монопол ва олигарх авиташувчилар исталган дақиқа ва соатда вазирлиги эшигини тепиб кира олади (Қолаверса, ўзи бир неча йил аввал ҳавошканинг раҳбари бўлган вазир ҳавошканинг ва умуман чўнтакларнинг тор манфаатига қарши иш тутадими?). Истеъмолчи эса йўқ, Транспорт вазиригача етиб бролмайди, нари борса — карам шўрва — ишонч телефонига чиқади.
Шундай экан, Рақобат қўмитаси Транспорт вазирлиги кўрсатмаларни бажарадими, йўқми, истеъмолчилар ҳақларини ошкора топтаётган монополист ва олигархларни улкан жарималар билан жазолашни узвий ва доимий практикага айлантириши керак. Ҳа, бизга бу масалада ҳуқуқий ва қонуний эскалация керак. Чунки бошқа йўл билан бу ғўддайган монополист ва оёғи ердан узилган олигархларга овоз ва оғриқ етиб бориши қийин, Транспорт вазирлигига-ку умуман. Ҳа, бу аждарҳолар осонликча ён ва жон бермайди, иблисгаям хизмат қиладиган юристларини ишга солиб, жарима тўламаслик учун судлашади. Судлашсин. Очиқ судлар бўлсин. ОАВлар бу аждарҳоларнинг аслиятини янада кўпроқ ёритсин. Истеъмолчиларни қоқиштираётганларни бутун дунё билсин (кредитор-у инвесторларгача).
Ё бошқа йўли борми?
- https://t.me/RaqobatGovUz/12210@RaqobatGovUz