Яна 1-2 ойдан кейин ёғингарчилик мавсуми бошланади. Пойтахт расмийлари бир неча ой аввал ирригация ва дренаж тизимини капитал таъмирлаш учун 60 млн.доллар керак бўлишини айтиб ўтганди https://www.gazeta.uz/ru/2019/04/24/irrigation/.
Ўтган ҳафта эса Тошкент дренаж тизимини таъмирлашга 2-3 йил кетишини ва буни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари билан музокаралар кетаётганлиги айтилди https://www.gazeta.uz/ru/2019/08/07/irrigation/.
Шу икки хабарни ўқиб хаёлимдан, демак, бу ишни тезлаштириш учун пул топиш керак, деган фикр ўтди. Шундай пул топиш керакки, ундан ҳамма ютсин, пул берадиганлар ҳам, шаҳар аҳли ҳам, ҳокимият ҳам. Сир эмас, аслида вилоятликларга тегишли юзминглаб хонадонлар Тошкент пропискасига эга бошқа фуқаролар номига расмийлаштирилган. 1999 йилдан бери 20 йил вақт ўтди, айрим "уй эгалари" вафот этаяпти, айримлари кўчиб кетаяпти, бировнинг номига олинган уй-жойлар бўйича бошқа сабаблар юзасидан пайдо бўлаётган низоли ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Кейин мулкдорлик ҳуқуқи тўлақонли бўлмаган уй-жой фондининг сақланиши, эксплуатацияси ҳам талаб даражасида бўлмайди. Унга вақтинчалик муносабатда бўлинади. Уй-жойнинг омонат эгаси мулкка пул тикишдан, унинг сифатини яхшилашдан тийилади. Чилонзорни Қашқадарёга айланишидан Қашқадарёликларнинг масъулиятли Тошкентликларга айлангани афзалроқ.
Яна прописка масаласими, деб энсангиз қотмасин. Бу ишда ҳуқуқни қўя турайлик, иқтисодий маъно бор: Вилоятликларга пойтахтда уй-жой кадастр қийматининг 5% ёки боринг ана 10% миқдорида давлат божи тўлаш шартларида иккиламчи бозордан уй-жойларни сотиб олишга рухсат берилиши ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керак. Тошкентда вилоятликларнинг юзминглаб хонадонлари бировнинг номига расмийлаштирилгани ҳисобга олинса, давлат божидан 60 млн. эмас, 100 млн.доллар ҳам жамланади.
Юқорида бу ишдан ҳамма - Пойтахт коммунал хўжалиги ҳам, ҳокимият ҳам, Тошкентда бировнинг номига уй-жой олганлар ҳам ютишини айтдим. Биласизми, бу тадбир уй-жой қурилиши бизнесига алоқадор окахонларга ҳам манфаатли, чунки энди бирламчи бозорга фақат чекловлар ёки спекуляция билан қўшимча талаб яратиб бўлмайди. Энди буёғига иккиламчи бозорда нарх ошмаса, бирламчи бозорда доимий ва барқарор талаб шаклланмайди.