Офисларингиз ва ҳовли-жойларингиз ер участкаларини хусусийлаштириб олинг
Ер қонунчилигига киритилган ўзгартиришлардан кейин Ҳукумат жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзларига тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш ва ер участкасини сотиб олиш қийматини ҳисоблаш тартибларини тасдиқлади.
Мисол учун, Тошкент шаҳрининг ҳалқа йўлига яқин (5-зона), айтайлик, ўзингизга фойдаланиш ҳуқуқида тегишли 4 сотихли ер майдонини хусусийлаштирмоқчисиз. Бу сизга тахминан 36 миллион сўмга тушади (+-500 минг сўм турли кўринишдаги давлат хизматлари тўловлари билан).
Вилоятларда ер солиғи ставкалари пастроқ бўлгани учун хусусийлаштириш учун тўловлар камроқ. Масалан, Қорақалпоғистонда 4 сотихни ўзингизга тегишли ер майдонини хусусийлаштириб олиш учун 22,4 миллион сўм (+-500 минг сўм) сарфлаш керак бўлади. Қайтараман, бу тахминий ҳисоб-китоблар. Чунки ҳисоб-китоблар ер солиғига боғланган. Ер солиғи бўйича маҳаллий ҳокимиятлар камайтирувчи ё оширувчи коэффициентларни қўллаши мумкин.
Албатта, сиз ўйлашингиз мумкин, ер бусиз ҳам умрбод эгалик қилиш ҳуқуқида менга тегишли бўлса, хусусийлаштиришга на ҳожат деб. Энг аввало, эгалик ҳуқуқидан фарқли ўлароқ, хусусийлаштирилган ер участкаларини давлат олиб қўя олмайди. Сизни рози қилибгина сизни қаноатлантирадиган бозор нархида сотиб олиши мумкин.
Хусусий мақомдаги ер участкаларининг яна кўплаб афзалликлари бор.
Бу ҳақда Кунўз батафсил мақола тайёрлапти. Тавсия этаман.
Унутманг, ер энг катта бойлик.
P.S. Юқоридаги ҳисоблар юридик шахсларга тегишли ер участкалари учун.
Жисмоний шахслар мисолида. Масалан, Тошкент шаҳри 5- зонасида жойлашган 4 сотихли ер участкасини хусусийлаштиришга 4 млн.сўм (+-500 минг сўм) сарфланади. Қорақалпоғистонда жойлашган 4 сотихли ер участкасини хусусийлаштириш эса 2,08 миллион сўмга (+-500 минг сўм) айланади.