Ривожланаётган мамлакатларда ер ости бойликлари давлат назоратида бўлиши керакми? Ўзбекистонда-чи?
Ўтган йили Қирғизистонда Кумтор олтин кони ва у билан боғлиқ инфратузилмани национализация қилиниши, "Кумтор Голд Компани"да Канаданинг Centerra Gold Inc компанияси улуши давлат назоратига ўтиши жуда салбий баҳоланганди. Хусусан, мен ҳам бу воқеликни инвесторнинг мулк ҳуқуқларига дахл қилиш ва мутлақо сиёсийлашган хато қарор сифатида кўргандим.
Таъкидлаш керакки, Кумтор конининг национализациясидан кейин тўланаётган солиқлар суммада ҳам улушда ҳам кескин ошган. Масалан, расмий статистика бўйича Кумтор тўлаётган солиқларнинг давлат бюджетидаги улуши 2022 йил давомида 14%дан кам бўлмаган (бу олтин нархлари пасайиб бораётган шароитда яна). Ўтган 2021 йилда эса Кумторнинг давлат бюджети даромадларидаги улуши 4%дан ошмаган.
Ўзи ўтган йилнинг тегишли даври билан солиштирганда Қирғизистонда давлат бюджети даромадлари 45%га ошган ва бунда Кумторнинг роли ҳаддан зиёд катта бўлган. Жапаровнинг ҳокимиятга келгандан кейин эътироф этилаётган асосий натижаси сифатида ҳам айнан шу - бюджет даромадларини кўпайиши, хусусан илгари солиқ тўламаган имтиёзхўр компанияларни солиқ тўлашга ўтишга мажбур қилиниши, божларни аввалгидек "миллиончи бойлар"нинг чўнтагига эмас, бюджетга тушиши кабилар кўрсатилади.
Умуман олганда, Кумторнинг национализацияси ҳозирча муваффақиятли кейс бўлиб турипти. Ва табиийки, Қирғизистонда ва умуман бозор қоидалари унча ишламайдиган, давлат институтлари мўрт бўлган давлатларда табиий бойликлар давлат назоратида бўлиши самаралироқ, деган тезисни яна ўртага чиқара бошламоқда.
Шахсий нуқтаи назаримга кўра, шу масалада Ўзбекистонда ҳам дискуссиялар бўлиши керак. Чунки табиий бойликлар, уларнинг ўзлаштирилиши, солиққа тортилиши, даромадларнинг адолатли тақсимланиши борасида жуда кўп саволлар бор ва бу саволларга ҳали ҳеч ким жавоб бергани йўқ.
@the_bakiroo